Интернет тармоғида Навоий вилояти ҳокимлигининг интерактив давлат хизматлари порталини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги ПҚ-1989-сонли, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 30 декабрдаги “Интерактив давлат хизматлари кўрсатишни ҳисобга олган ҳолда интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 378-сонли ҳамда 2013 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳолатини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 355-сонли қарорлари ижросини таъминлаш, шунингдек вилоятдаги давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш асосида жисмоний ва юридик шахслар билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, электрон шаклда маълумотларнинг тўлиқ айирбошланишини, сўровларни расмийлаштириш тартиботларини жорий этишни жадаллаштириш, давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сони ва сифатини тубдан яхшилаш мақсадида

ҚАРОР  ҚИЛАМАН:

 

1.  Навоий вилояти ҳокимлигининг интерактив давлат хизматлари портали тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилаб қўйилсинки, Навоий вилояти ҳокимлигининг интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда портал деб аталади) Интернет тармоғида вилоят ҳокимлигининг расмий сайти негизида “бир ойна” режимида, шу билан бирга Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали билан ўзаро интеграциялашган ҳолда фаолият кўрсатади.

2.  Мазкур портал:

тегишли ахборот ресурсларини ташкил этиш ва жойлаштириш йўли билан вилоят аҳолиси ҳамда жамоатчиликни вилоятнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор қилишни;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини вилоятдаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари хизматлари ва функциялари тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланишни;

фойдаланувчиларга электрон шаклда маълумотлар айирбошлаш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг интерактив давлат хизматларидан, шу жумладан, пулли асосда фойдаланишнинг ягона нуқтаси орқали сўровларни расмийлаштириш имкониятлари берилишини;

ахборотларни айирбошлаш ва тарқатиш тезлиги даражаси, ташкилотларнинг хабардорлиги даражаси ўсиши ҳисобига ташкилотлар фаолиятининг сифати ва самарадорлигини оширишга кўмаклашиш;

ахборотларни идоралараро электрон айирбошлашни бирхиллаштиришни таъминлайди.

3.  Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари (Эшонқулов):

Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси (Тешаев), “Вилоят компьютерлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси (Нортожиев) ҳамда тегишли ташкилотлар билан биргаликда бир ой муддатда портал орқали вилоятдаги давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив давлат хизматлари рўйхатини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқлаш учун вилоятда алоқа ва ахборотлаштириш соҳасини ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи Кенгаш йиғилишига таклиф киритсин;

         вилоят ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи (Ҳамроев) вилоят ҳокимлиги Ишлар бошқармаси (Шамшиев) ва вилоят компьютерлаштириш маркази давлат унитар корхонаси (Нортожиев) билан биргаликда бир ой муддатда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги вилоят компьютерлаштириш маркази давлат унитар корхонаси таркибида ходимларнинг умумий сони доирасида Интернет тармоғида вилоят ҳокимлигининг интерактив давлат хизматлари порталини ахборот билан таъминлаш ва ривожлантириш бўлимини (кейинги ўринларда Бўлим деб аталади) ташкил этсин ҳамда бўлимни алоҳида хона ва зарурий оргтехника воситалари билан таъминласин.

4.  “Вилоят компьютерлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси (Нортожиев):

Марказ таркибида ташкил этилаётган Интернет тармоғида вилоят ҳокимлигининг интерактив давлат хизматлари порталини ахборот билан таъминлаш ва ривожлантириш бўлимига малакали мутахассисларни жалб этиш чораларини кўрсин ҳамда бўлим ходимларининг лавозим йўриқномаларини ишлаб чиқсин;

 икки ҳафта муддатда вилоят молия бошқармаси (Тилавов) билан биргаликда Интернет тармоғида вилоят ҳокимлигининг интерактив давлат хизматлари порталини яратиш, ишга тушириш, бўлимни моддий-техник таъминлаш ҳамда кейинчалик мазкур портални интернет тармоғида барқарор ишлашини техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар сметасини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун вилоят ҳокимига киритсин.

5.   Белгилаб қўйилсинки, Интернет тармоғида вилоят ҳокимлигининг интерактив давлат хизматлари порталини яратиш ва ишга тушириш, бўлимни моддий-техник таъминлаш ҳамда кейинчалик мазкур портални интернет тармоғида барқарор ишлашини техник жиҳатдан қўллаб-қувватлашни молиялаштириш билан боғлиқ харажатлар тасдиқланган смета доирасида маҳаллий бюджет маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

6.  Шаҳар ва туман ҳокимликлари, вилоят ташкилот ва корхоналари:

бир ой муддатда ўзларида мавжуд ахборот хизматлари фаолиятини тубдан яхшилаш, улар томонидан вилоят компьютерлаштириш марказининг Интернет тармоғида вилоят ҳокимлигининг интерактив давлат хизматлари порталини ахборот билан таъминлаш ва ривожлантириш бўлимига ҳар ҳафтада камида икки маротаба ахборотлар тақдим этиш, алоҳида ахборот хизмати мавжуд бўлмаганда, масъул шахсларни тайинлаш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар;

         икки ой муддатда белгиланган қонун талаблари доирасида ўзларининг расмий сайтларини ишлаб чиқиш, ушбу сайтларда ўз фаолиятидан келиб чиққан ҳолда аҳолига интерактив хизматларни кўрсатиш ҳамда кейинчалик ушбу хизматларни вилоят ҳокимлигининг интерактив давлат хизматлари портали билан ўзаро интеграция қилиш чораларини кўрсинлар;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларда электрон шаклга ўтишни таъминлаш юзасидан ўз ваколатлари доирасида аниқ чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқсинлар.

7.  Белгилансинки, вилоятдаги давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ва масъул ижрочилари интерактив давлат хизматларини жорий этиш ва кўрсатиш, шунингдек уларнинг ўз вақтида ва тўлиқ кўрсатилиши юзасидан шахсан жавоб берадилар.

8.  Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.

 

Вилоят ҳокими                                                        Э.Турдимов