Вилоятда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги “2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 178-сонли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида

Қ А Р О Р    Қ И Л А М А Н :

1.  Вилоят маданият ва спорт ишлари, молия бошқармалари ва иқтисодиёт бош бошқармаси ҳамда шаҳар ва туман ҳокимликлари таклифлари асосида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган вилоятдаги мавжуд маданият уйлари ва клуб муассасалари негизида ташкил этиладиган замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказлари иловага мувофиқ маъқуллансин ҳамда уларнинг тўлиқ фаолият юритиши йўлга қўйилсин.

2.  Вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси (Очилов) шаҳар, туман ҳокимликлари билан биргаликда белгиланган тартибда:

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг 2013 йил 16 октябрдаги 1083-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Маданият ва аҳоли дам олиш марказларининг намунавий штатлари” меъёрлари асосида замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказлари ишчи ходимларининг штат бирликларига асосан маданият бўлимлари штатлар жадвали ва тузилмасига тегишли ўзгартиришлар киритилишини;

мақбуллаштирилган маданият уйлари ва клуб муассасаларидаги мавжуд, фойдаланишга яроқли мусиқа асбоблари ва анжомларини хатловдан ўтказган ҳолда янгидан ташкил этилаётган маданият ва аҳоли дам олиш марказларининг балансига ўтказилишини;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда марказлар томонидан қўшимча хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш, шу жумладан, маданият ва аҳоли дам олиш марказларида тўгараклар, студиялар, ҳаваскорлик жамоалари концертлари, жойлардаги турли хил маданий ва байрам тадбирларини ташкил этишни;

вилоят рақобат бошқармаси (Душанов) билан биргаликда янги ташкил этилаётган маданият ва аҳоли дам олиш марказлари жойлаштирилиши белгиланган биноларни ўрнатилган тартибда маданият ва спорт ишлари бўлимлари балансига ўтказиш ишларини амалга оширилишини;

таъмирлаш ишлари олиб борилаётган ҳамда таъмирталаб биноларда жойлашган марказлар фаолиятини узлуксиз давом эттириш, мавжуд тўгарак ва жамоаларнинг машғулот ўтказишлари учун зарур шароитлар яратиш мақсадида ушбу марказларга умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлари каби шароити бор муассасалардан вақтинчалик хоналар ажратилишини;

вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси (Жумаев) билан биргаликда маданият уйлари ва клуб муассасалари сонини мақбуллаштириш натижасида бўшаб қоладиган ходимларни ишга жойлаштириш учун зарур чора-тадбирлар кўрилишини таъминласинлар.

3.  Вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси (Очилов), “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши (Тожиев), “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими (Исоқов)га:

“Ватан ҳимоячилари куни”, “Мустақиллик”, “Наврўз”, “Хотира ва қадрлаш куни”, “Конституция куни”, “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”, “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” каби умумхалқ байрамлари ва муҳим саналарни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида нишонланиши белгиланган тадбирларни ўтказилишида маданият ва аҳоли дам олиш марказларини янада кенг жалб этилишини таъминлаш;

танловларни аҳолининг турли қатламларини жалб этган ҳолда маданият ва санъат йўналишида ёшларни маънавий камол топтиришга қаратилган кўриклар, кўргазмалар, фестиваллар ташкил этиш ва ўтказиш;

вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси (Облақулов) билан ҳамкорликда маданият ва аҳоли дам олиш марказларида касб-ҳунар коллежларини тегишли йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича битирувчи талабаларининг, шунингдек  маданият ва санъат коллежи ўқувчиларини ўқув, ишлаб чиқариш ҳамда дипломдан олдинги амалиётини ўташини таъминлаш;

вилоят молия бошқармаси (Тилавов) билан биргаликда маҳаллий бюджет маблағлари, шу жумладан маданият уйлари ва клуб муассасаларини мақбуллаштириш муносабати билан бўшайдиган маблағлар, маҳаллий бюджетнинг йил бошидаги қолдиқ маблағлари, I-III чораклар якунлари даромадлар прогнозининг ошириб бажарилиши, маҳаллий бюджетнинг харажатлари бўйича тежаш натижасида бўшайдиган маблағлар ва бошқа маблағлар ҳисобига маданият ва аҳоли дам олиш марказларини мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси томонидан ҳисоб-китоблар асосида тайёрланган ҳужжатларга мувофиқ белгиланган тартибда маблағлар ажратиш бўйича таклифлар киритиш топширилсин.  

4.  Вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси (Очилов) га:

янгидан ташкил этилаётган маданият ва аҳоли дам олиш марказларини танлов асосида малакали кадрлар билан бутлаш;

уларнинг малакасини мунтазам равишда ошириб бориш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги 178-сонли қарори билан тасдиқланган “Маданият ва аҳоли дам олиш марказлари тўғрисида” ги Низом талаблари асосида ҳар бир маданият ва аҳоли дам олиш марказларининг самарали фаолиятини ташкил этиш, услубий қўлланмалар билан таъминлаш;

вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси (Каримов) билан биргаликда маданият ва аҳоли дам олиш марказларини тасдиқланган нормативларга мувофиқ зарур мусиқа асбоблари, мебеллар ва анжомлар билан жиҳозлашни ҳисобга олган ҳолда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда маданият ва аҳоли дам олиш марказлари объектларини мукаммал таъмирлаш учун танлов савдоларини ўтказиш топширилсин.

5.  Вилоят телерадиокомпанияси (Эшбоев) ва ҳудудий оммавий ахборот воситаларига дастур доирасида бажарилаётган тадбирларни кенг ёритиш ишларини олиб бориш тавсия этилсин.

6.  Вилоят ҳокимининг матбуот котиби (Джураев) га мазкур қарорни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини таъминлаш топширилсин.

7.  Мазкур  қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари У.Раззоқов зиммасига юклатилсин.

 

Вилоят ҳокими                                                          Э.Турдимов