Бугун: 22 Сен 2019 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

“Обод турмуш йили”вилоят дастурини таслиқлаш тўғрисида”


 НАВОИЙ ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИНГ ҚАРОРИ

(2013 йил 19 февралдан кучга кирган)

         2013 йилнинг “Обод турмуш йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан мамлакатда халқнинг турмуш даражаси ва сифатини ошириш, фаровонлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш вазифаларини амалга оширишга ресурслар ва имкониятларни сафарбар қилиш, давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотларини кенг жалб этиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 14 февралдаги “Обод турмуш йили” Давлат дастури тўғрисида”ги ПҚ-1920-сонли қарори ижросини таъминлаш
мақсадида:


Қ А Р О Р   Қ И Л А М А Н:

 

       1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 14 февралдаги “Обод турмуш йили” Давлат дастури тўғрисида”ги ПҚ-1920-сонли қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.

         2. “Обод турмуш йили” вилоят дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.

        3. Қуйидагилар “Обод турмуш йили” вилоят дастурини амалга оширишнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгилансин:
вилоятда барқарорлик ва хавфсизликни, фуқаролар тотувлигини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва манфаатлари муҳофазасини таъминлаш; 
        аҳоли фаровонлиги ва реал даромадларининг изчил ўсишини таъминлаш, иш билан бандликни ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни янада ривожлантириш, аҳолини, биринчи навбатда, унинг ижтимоий ночор қатламларини ва кам таъминланган оилаларни давлат томонидан аниқ манзилли муҳофаза қилиш ва уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш; аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш,
   аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш,соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, уларни замонавий ташхис ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, касалликлар профилактикасини кенгайтириш ҳамда уларни даволашнинг илғор тиббий технологиялари ва методларини жорий этиш, пировард натижада - одамларнинг, айниқса болалар ва оналарнинг соғлиғини мустаҳкамлаш;
       жисмоний ва маънавий соғлом, уйғун камол топган ўсиб келаётган авлодни, профессионал, замонавий даражада тайёрланган кадрларни тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини ҳар томонлама ошириш, таълим савиясини янада такомиллаштириш ва сифатини юксалтириш, таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
        халқнинг турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш, муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, янги уй-жойлар қуриш, замонавий йўллар ва муҳандислик-коммуникация  инфратузилмаларини ривожлантириш, аҳоли пунктларини тоза ичимлик сув, электр энергияси ва иссиқлик билан кафолатли таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;
    маҳалла институтини ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг ҳуқуқлари ва ваколатларини кенгайтириш, жойларда иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, ёш ва эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам беришни
яхшилаш, маҳаллалар ва уй-жой мавзеларининг ташқи қиёфасини сифат жиҳатидан яхшилаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш вазифаларини ҳал этишда уларнинг роли ва аҳамиятини ошириш;
      оилаларни янада мустаҳкамлаш, аёлларнинг оила ва жамиятдаги роли ва мақомини ошириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, иш билан бандлигини таъминлаш ҳамда аёлларнинг иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва соҳаларидаги фаолиятини муносиб рағбатлантириш, уларнинг ўз иқтидорини
намоён қилиши ва уй-рўзғордаги ишларини енгиллаштириш учун қулай ижтимоий-маиший шароитлар яратиш чора-тадбирларини амалга ошириш.

     4. “Обод турмуш йили” вилоят дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича вилоят комиссиясига “Обод турмуш йили” вилоят дастурининг бажарилишини ташкил этиш ва мониторингини олиб бориш вазифаси юклатилсин.

     5. “Обод турмуш йили” вилоят дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича комиссияси (Раззоқов) қуйидагиларни таъминласин:

  бир ҳафта муддатда - шаҳар ва туман ҳокимликлари ва тегишли ташкилот раҳбарлари бошчилигида вилоят дастурини амалга ошириш бўйича тегишли комиссиялар тузиш, уларга Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг сўзсиз, тўлиқ кўламда ва ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан шахсий масъулиятни
юклаш;

        икки ҳафта муддатда - шаҳар ва туман ҳокимликлари, бошқарма, идоралар, хўжалик бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ҳар бир бошқарма ва идора, шаҳар, туман ва аҳоли пункти бўйича “Обод турмуш йили” ҳудудий ҳамда тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш ва
қабул қилиш;
     давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар даражасида тасдиқланган вилоят дастурига киритилган йўналишлар ва тадбирларни тўлиқ ва ўз вақтида бажариш ишларини мувофиқлаштириш, уларнинг амалга оширилиши юзасидан тизимли
назорат ўрнатиш;
   ҳар чорак якунлари бўйича “Обод турмуш йили” вилоят дастурида назарда тутилган тадбирлар бажарилиши тўғрисида вилоят ҳокимлиги ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот бериб бориш.

      6. Вилоят Телерадиокомпанияси (Эшбоев), Матбуот ва ахборот бошқармаси (Жўраев), “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти Давлат корхонаси (Сашина) ва бошқа оммавий ахборот воситалари:
      “Обод турмуш йили” Давлат дастури ва “Обод турмуш йили” вилоят дастурининг мақсади ва вазифаларини, уни амалга оширишнинг асосий йўналишлари ва чора-тадбирларини аҳоли ўртасида мунтазам, тизимли ва кенг ёритилишини;
    кенг жамоатчиликнинг Дастурнинг бажарилиши тўғрисида доимий хабардор бўлишини, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг Дастурда назарда тутилган тадбирларни амалга оширишдаги аниқ ҳиссаси ёритилишини таъминласинлар.

       7. Вилоят ҳокимлиги Ташкилий-назорат гуруҳи (Ҳамроев) мазкур қарорни Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тасдиғига киритсин.

     8. Вилоят ҳокимининг Иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари (Раззоқов) га ушбу қарорни “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталарида расман эълон қилинишини;
   вилоят ҳокимлиги Компьютерлаштириш маркази (Нортожиев) га мазкур қарорни вилоят ҳокимлигининг веб-сайтида жойлаштирилишини таъминлаш топширилсин.

        9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.

 

                         Вилоят ҳокими                                                                                                 Э.Турдимов

 

Навоий шаҳар                                                                                    

2013 йил 13 март                                                                                             

Қ-49-сон                                                                                                   

“Дўстлик байроғи” газетаси, 2013 йил 15 март, 22-сон (3264)

 

Кўчириб олиш:

 (Тасдиқланган шакли, Adobe Fine Reader форматда(.pdf). Ҳажми: 2 mb)



Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus