Бугун: 17 Ноя 2019 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Вилоят иқтисодиёт тармоқларини 2013/2014 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашини таъминлаш чора-тадбирларининг бажарилиши тўғрисида


ҲАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ НАВОИЙ ВИЛОЯТ КЕНГАШИ ҚАРОРИ

(2014 йил 13 декабрьдан кучга кирган) 

     Муҳтарам Президентимизнинг 2013 йил 5 июлдаги “Иқтисодиёт тармоқлари, кўп қаватли уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини 2013/2014 йил куз-қиш мавсумига барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1996-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг тегишли қарорлари қабул қилиниб, уни ижросини таъминлаш борасида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

    Вилоят бўйича жами 1424 та кўп қаватли уйлар мавжуд бўлиб, шундан жорий йилда НКМК Давлат корхонаси томонидан 118 та уй-жой жорий таъмирланиши режалаштирилган бўлиб, жами 131 та (хусусан, Навоий шаҳрида 50 та, Зарафшон шаҳрида 66 та, Учқудуқ туманида 15 та) кўп қаватли уйлар жорий таъмирланди.

    Вилоятнинг Навоий ва Зарафшон шаҳарларида мавжуд кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари ва муҳандислик тармоқларини қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш ва хусусий уй-жой мулкдорлари иш фаолиятини ривожлантириш мақсадида секторлар ташкил этилган бўлиб, мазкур секторларга шаҳар ҳокимлари, прокурорлари, Ички ишлар ва Солиқ бўлимлари бошлиқлари раҳбарлик қилмоқда.

    2013/2014 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида вилоят бўйича мукаммал таъмирланиши режалаштирилган 5,7 км иссиқлик тармоқлари ўрнига 10,2 км (179.7 фоиз), 1322,1 км электр тармоқлари ўрнига 1404.5 км (106.2 фоиз), 365 та трансформатор пунктлари ўрнига 446 та (122.2 фоиз) ва  3,7 км сув тармоқлари ҳамда 7,8 км газ тармоқлари тўлиқ таъмирланди.

    Шунингдек, жорий таъмирланиши режалаштирилган 103,2 км иссиқлик тармоқлари ўрнига 287.0 км (278.1 фоиз), 24 та қозонлар ўрнига 53 та (220.8 фоиз), 8 та қозонхоналар ўрнига 10 та (125.0 фоиз) ва 4,5 км сув ҳамда 3434,5 км электр тармоқлари, 1064 та трансформатор пунктлари тўлиқ таъмирланди.

   Ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли хонадонларига куз-қиш мавсумига барқарор ва бир меъёрда иссиқлик энергияси етказиб бериш мақсадида 5.8 км изоляцияланиши режалаштирилган иссиқлик тармоқлари ўрнига 6.3 км (108.4 фоиз) тармоқлар изоляцияланди ҳамда табиий газ таъминотини узлуксизлигини таъминлаш учун 3407 та газ тарқатиш пунктлари тўлиқ кўрикдан ўтказилди.

    Жорий йилда мукаммал таъмирланиши режалаштирилган 3 та мактаб, 1 та меҳрибонлик уйлари, 4 та касалхона ва 16 та мактабгача таълим муассасаларида таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланди.

     Куз-қиш мавсумини барқарор ўтказиш мақсадида жорий таъмирланиши режалаштирилган 27 та мактабларда, 3 та меҳрибонлик ва мурувват уйларида,          17 та мактабгача таълим муассасаларида ва 11 та касалхоналарда таъмирлаш ишлари тўлиқ якунига етказилди.

    Вилоятнинг олис ва чўл ҳудудларида жойлашган, табиий газ етиб бориши қийин бўлган қишлоқлар аҳолисини, шунингдек ушбу ҳудудлардаги ижтимоий соҳа объектларини альтернатив ёқилғи билан таъминлаб бориш мақсадида вилоят бўйича жами 22425 тонна кўмир ёқилғиси жамғариш режалаштирилган.

     Шундан, бюджет ташкилотлари учун 8418 тонна кўмир ёқилғиси келтирилиши белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар 9122.4 тонна (108.4 фоиз) кўмир ёқилғиси жамғарилган.

   Хусусан, халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги муассасалар учун келтирилиши режалаштирилган 6831 тонна кўмир ёқилғиси ўрнига 7535.4 тонна ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги муассасалар учун келтириш кўзда тутилган 1587 тонна кўмир ёқилғиси тўлиқ келтирилган. 

   Шунингдек, аҳоли истеъмолчилари учун 9039 тонна, халқ хўжалиги истеъмолчилари учун 4968 тонна келтирилиши режалаштирилган бўлиб, амалда 3800 тонна кўмир ёқилғисини келтирилган ҳолда аҳоли пунктларига етказиб берилмоқда.

    Вилоят ҳокимлиги томонидан куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кўмир ёқилғисини етказиб бериш, табиий газ ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш борасида белгиланган вазифалар ижроси бўйича қатъий назорат олиб борилмоқда.

    Билдирилган таклиф, фикр ва мулоҳазалардан сўнг, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари XXV сессияси

 

Қ А Р О Р    Қ И Л А Д И:

 

     1. Навоий шаҳар ҳокими Н.Ахатов ҳамда Зарафшон шаҳар ҳокими М.Базаровларнинг ҳисоботлари маълумот учун қабул қилинсин. 

   2. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши доимий комиссиялари, шаҳар ва туман Кенгаши раисларига уч кун муддатда ҳудудлардаги иқтисодиёт тармоқларини 2013/2014 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашини таъминлаш чора-тадбирларининг бажарилиши бўйича мутасадди ташкилотлар раҳбарлари томонидан амалга оширилаётган ишлар натижаларини сессияларда муҳокама этиб бориш тавсия этилади.

    3. Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари раисларига:

   ҳар бир кўп қаватли уй ва ижтимоий соҳа муассасаларида куз-қиш мавсумини ўтказиш бўйича масъулларнинг фаолияти устидан маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари иштирокида жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

   Кўмир ёқилғиси етказиб бериш корхоналари ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди  шаҳар ва туман бўлинмалари билан биргаликда аҳолига кўмир ёқилғиси етказиб берилишини доимий назоратга олиш, бунда газлашмаган ва табиий газ етиб бориши қийин ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктлари учун кўмир ёқилғиси етказиб берилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш;

    2013 йил 15 декабрдан бошлаб 2014 йил 1 мартига қадар шаҳар ва туман ҳокимликлари, ижтимоий соҳа объектлари ва маҳалла фуқаролар йиғинларида куз-қиш мавсумини барқарор ўтказилишини таъминлаш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича махсус штаблар ташкил этиш ва уларда узлуксиз равишда навбатчиликлар олиб борилиши юзасидан барча зарур чораларни амалга оширилишини таъминласинлар.

   4. Вилоят халқ таълими (Пардаева), соғлиқни сақлаш (Усмонов) ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими (Облақулов) бошқармаларига қарашли  ҳар бир муассасанинг иситиш тизими қиш мавсуми давомида барқарор ишлашини таъминлаш бўйича шахсан масъул эканликлари кўрсатиб ўтилсин.

     5. Вилоят телерадиокомпанияси (Эшбоев), “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти давлат корхонаси (Исломов)га:

    Вилоят аҳолисига қиш мавсуми давомида ёқилғи энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, кўмир ёқилғиси етказиб бериш нархлари ҳамда тарифларини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб бориш тавсия этилсин;

   вилоят ҳокимлиги капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари котибияти билан биргаликда бир ой муддатда вилоятда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини ёритиш бўйича шаҳар ва туман ҳокимлари, мутасадди вилоят ташкилотлари раҳбарларининг ҳисобот беришларини ташкил қилсин.

   6. Навоий шаҳридаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини молиявий соғломлаштириш ва фаолиятини янада яхшилашга кўмаклашиш бўйича бириктирилган масъуллар 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

     7. Навоий шаҳридаги кичик туманларда ободонлаштириш ҳолатини ўрганиш ва қиш мавсумини беталофат ўтказишга доир мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида бириктирилган масъуллар 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин ҳамда қуйидагилар уларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

     - ўзларига бириктирилган кичик туманда штаб ташкил этиш ва штаб масъуллари билан биргаликда шахсан ҳудудидаги мавжуд кўп қаватли уйларни ва ижтимоий соҳа объектларини тўлиқ кўриб чиқиш;

    - ўрганиб чиқиш натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли масъулларга аниқ топшириқ бериб, бажариш муддатини белгилаш ва ҳар куни штаб йиғилишларида топшириқлар муҳокамасини ўтказиш тизимини яратиш;

    - маҳаллаларга бириктирилган махсус автомашина орқали айланиб чиқиш жадвалини тасдиқлаш ҳамда ушбу жадвални ҳар бир кўп қаватли уй йўлаги (подъезди) га осиб қўйиш;

    - ҳар бир кўп қаватли уйни кириш йўлаги (подъезди) га замонавий дизайн билан пештахта (стенд) ташкиллаштириш.

    Бунда, пештахтага кўп қаватли уйга хизмат кўрсатадиган ширкат, банк, ташкилот, маҳалла раиси, туман электр ва газ таъминоти корхоналари раҳбарларининг телефон рақамлари, жойлашган манзиллари, исми шарифи ва иш тартиби тўғрисидаги маълумотлар бўлишига асосий эътибор қаратилсин.

   8. Зарафшон шаҳар (М.Базаров) ва Учқудуқ тумани (М.Ёрматов) ҳокимликларига кичик туманларда ободонлаштириш ҳолатини ўрганиш ва қиш мавсумини беталофат ўтказишга доир мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида ҳудудларга белгиланган тартибда масъулларни бириктириш ҳамда уларнинг фолиятини назорат қилиш вазифаси топширилсин.

    9.  Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан вилоят ҳокимининг 2013 йил 11 июлдаги 110-сонли қарорининг 1-иловаси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

   10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалик, алоқа ва аҳолига хизматлар кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссияси ҳамда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Эшонқулов зиммасига юклатилсин.

 

Кенгаш раиси                                                                   Э.Турдимов

 

 

Навоий шаҳар

2013 йил 9 декабрь

ХХV/183

“Дўстлик байроғи” газетаси, 2013 йил 13 декабрь, 100-сон (3342)

 

 

Кўчириб олиш:

 

(Тасдиқланган шакли, Adobe Fine Reader форматда(.pdf). Ҳажми: 443 kb) 



Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus