Навоий вилоятида ташқи рекламани жойлаштиришни тартибга солиш ҳақида

 

НАВОИЙ ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИНГ ҚАРОРИ



(2012 йил 16 октябрдан кучга кирган)




Навоий вилоятида ташқи рекламани

жойлаштиришни тартибга солиш ҳақида


                Реклама тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан ҳамда вилоятда ташқи   рекламани жойлаштириш тартибини тасдиқлаш мақсадида,



                                                                   Қ А Р О Р      Қ И Л А М А Н:
 
1. “Навоий вилоятида ташқи рекламани жойлаштириш Тартиби”
1-иловага, “Навоий вилоят ҳокимиятининг реклама-ахборот фаолияти бўйича комиссия таркиби” (кейинги ўринларда “Комиссия” деб юритилади) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
- комиссия мажлисларини тайёрлаш ва ўтказиш шунингдек, комиссия қарорлари  асосида ташқи реклама воситаларини жойлаштиришга рухсатнома ҳужжатларини бериш, уларни жойлаштиришдан тушадиган маблағларни ундирилишини таъминлаш ва реклама берувчилар билан алоқаларни амалга ошириш Комиссиянинг масъул органи “Тасвирий ойина” вилоят уюшмаси томонидан амалга оширилади;
- ташқи реклама воситаларини жойлаштириш ҳуқуқини бериш йиғими “Тасвирий ойина” вилоят уюшмаси ҳисоб ракамига тушади;
- реклама жойининг ижараси, реклама воситаларини жойлаштириш учун ўз ҳудуди ёки иншоотларини берган ташкилотлар ва реклама берувчи ёки уни тарқатувчи орасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг қонунларига асосан тузилган ижара шартномаси орқали амалга оширилади.
3. Комиссия, вилоят Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш бошқармаси ҳамда “Тасвирий ойина” вилоят уюшмасига ҳамкорликда рекламаларни қонунийлигини таъминлаш бўйича ишларни олиб бориш ҳамда ўзбошимчалик билан ўрнатилган реклама эгаларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда чоралар кўриш топширилсин.
4. Навоий вилоят ҳокимининг 2002 йил 14 октябрдаги “Вилоятда ташқи рекламани ва транспорт воситаларида рекламани жойлаштириш тўғрисида”ги Қ-216-сонли ҳамда 2006 йил 24 майдаги “Вилоят ҳокимининг 2002 йил                  14 октябрдаги “Вилоятда ташқи рекламани ва транспорт воситаларида рекламани жойлаштириш тўғрисида”ги Қ-216-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 123-Қ-сонли қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари С.Самадов зиммасига юклатилсин.



                 Вилоят ҳокими                                                                                                                Э.Турдимов


Навоий шаҳар
2012 йил 12 октябрь
 Қ-163-сон
“Дўстлик байроғи” газетаси, 2012 йил 16 октябрь, 83-сон (3221)

 

 

 

      Вилоят ҳокимининг
2012 йил “_____” октябрдаги
___________-сонли қарорига 
1-илова



Навоий вилоятида ташқи рекламани жойлаштириш
Т А Р Т И Б И


        Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги ва “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 26 июндаги 243-сонли “Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонунининг бажарилишини таъминлашнинг чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2001 йил 26 мартдаги 4-сон қарори билан тасдиқланган Рекламани жойлаштириш тўғрисидаги Низомга (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2001 йил 6 апрелда 1024-сон билан рўйхатга олинган) мувофиқ ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, Навоий вилояти ҳудудида ташқи рекламани жойлаштириш жараёнида юзага келадиган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади.

                                                                           I. УМУМИЙ   ҚОИДАЛАР

    1.1. Навоий вилоятида ташқи реклама воситаларининг жойлаштирилиши устидан раҳбарлик ва назорат Навоий вилояти ҳокимиятининг реклама-ахборот фаолияти бўйича комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
    1.2. Реклама берувчилар (реклама тарқатувчилар) билан Комиссия орасидаги алоқани амалга ошириш, реклама воситаларини ҳисобга олиш, паспортлаштириш, реклама берувчиларнинг аризаларини комиссия муҳокамасига киритиш, Навоий вилоятида ташқи реклама воситаларини жойлаштирганлиги учун тўланадиган ҳақларни жамлаш ва Навоий вилояти ҳокимияти топшириқларига асосан тақсимлаш, ташқи реклама воситаларини ва рекламани жойлаштириш тартибига риоя этилиши устидан мониторингни ташкил этиш Комиссиянинг ишчи органи – вилоят “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси (кейинги матнда “Комиссиянинг ишчи органи”) томонидан унинг ваколати доирасида ва мазкур Тартиб асосида амалга оширилади.
Реклама берувчилар (реклама тарқатувчилар) мустақил равишда Комиссия номига хатлар билан мурожаат этишлари мумкин.
    1.3. Мазкур тартиб асосида Комиссиядан реклама жойининг паспортини ва рекламани жойлаштириш ҳуқуқи берилганлиги тўғрисидаги Тасдиқномани (кейинги матнда “Гувоҳнома”) олган ҳар қандай юридик ва жисмоний шахс (кейинги матнда “Тарқатувчи”) Навоий вилоятида ташқи реклама воситаларини жойлаштириши ва улардан фойдаланиши мумкин.
    1.4. Тарқатувчи имзоланган шартнома асосида Навоий вилоятида ўз рекламасини жойлаштиришни истовчи ҳар қандай, жумладан маҳаллий ва хорижий корхоналар, компанияларнинг ҳамда хусусий шахсларнинг манфаатларини ифодалаши мумкин.
    1.5. Ташқи рекламани жойлаштириш “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва шу соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилади.

                                                      II. АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР, АТАМАЛАР ВА ТАЪРИФЛАР

    2.1. Ушбу Тартибда “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида кўрсатилган қуйидаги тушунчалар ва атамалар қўлланилади:
ташқи рекламани жойлаштириш жойи - Навоий вилояти ҳудудига қаратилган махсус белгиланган жой, ажратилган майдон (тупроқ, ер, асфальт, кўкаламзорлаштирилган майдон ва ҳ.к), шунингдек Навоий вилояти ҳудудида жойлашган бино, иншоот ёки улар мажмуасининг устки ва ён қисмиларида жойлашган айрим майдон;
ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқи берилганлиги тўғрисидаги Тасдиқнома - Комиссиянинг реклама берувчи ёки тарқатувчига маълум муддатга, маълум жойда ташқи рекламани жойлаштириши мумкинлиги ҳақидаги қарори. Тасдиқнома Комиссия раиси томонидан реклама жойининг тайёр техник паспорти асосида тасдиқланиб, тарқатувчига Комиссиянинг ишчи органи орқали берилади;
ташқи реклама жойининг паспорти (кейинги матнларда – “паспорт”) - белгиланган шаклдаги ҳужжат бўлиб, у ташқи реклама воситаси ўрнатиладиган жойнинг техник ҳужжати ҳисобланади. Реклама жойининг паспорти реклама конструкциясини ўрнатиш учун асос бўлмайди ва ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқи берилганлиги тўғрисидаги Тасдиқномасиз ҳақиқий эмас;
монтаж ишларини бажаришга гувоҳнома - Комиссия томонидан бир марта бериладиган белгиланган муддатда ташқи рекламанинг техник воситаларини ўрнатиш ҳуқуқини берувчи белгиланган шаклдаги ҳужжат;
ташқи реклама объекти - Навоий вилоятида қўллаш тавсия этилган ташқи рекламанинг техникавий воситалари (реклама конструкциялари). Ташқи рекламанинг техникавий воситалари битта томони ахборот юзасининг майдони бўйича қуйидаги форматларга бўлинади:
- кичик формат (5 кв. метргача);
- ўрта формат (5 дан 10 кв. метргача);
- катта формат (10 дан 18 кв. метргача);
- ўта катта формат (18 кв. метрдан катта).
ташқи реклама воситасини жойлаштириш ҳуқуқини бериш шартлари бўйича контракт (кейинчалик матнда "Контракт") - Комиссия номидан унинг ишчи органи ва реклама берувчи ёки унинг тарқатувчиси ўртасида тузиладиган, реклама берувчи ёки унинг тарқатувчисининг муайян муддат давомида маълум жойда белгиланган тарифларга мувофиқ ташқи рекламани жойлаштириш ҳукуқини тасдиқловчи келишув;
шартнома - Ташқи рекламанинг техникавий воситаларини ўрнатиш учун реклама жойини паспортини ва бошқа ҳужжатларни тайёрлаб бериш бўйича пуллик хизматларга ишчи органи ва реклама берувчи ёки унинг тарқатувчиси ўртасида тузиладиган келишув;
бош келишув - мазкур Тартиб шартларига риоя этиш тўғрисида реклама тарқатувчи ва Комиссия номидан унинг ишчи органи ўртасида тузиладиган келишув.

             III. НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ҲУДУДИДА ТАШҚИ РЕКЛАМАНИ ЖОЙЛАШТИРИШГА ОИД ТАЛАБЛАР

    3.1. Навоий вилояти ҳудудида бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида беистисно реклама ва тижорат ахборотларини тарқатиш учун ўрнатилган, ерда, бинолар, қурилмалар, иншоотларнинг ташқи деворлари, томлари ва ўзга конструктив элементларида, шунингдек жамоат транспортининг ҳаракатдан тўхташ жойларида, таксофонларнинг кабиналарида, йўловчи ажратмаларида ва вилоят инфратузилмасининг бошқа объектларида жойлаштирилган реклама лавҳалари, стендлар, осма транспарантлар ҳамда турғун ҳудудий жойлаштиришнинг ўзга воситалари (кейинчалик матнда “реклама конструкциялари”) ташқи реклама воситаларининг объектлари ҳисобланади.
    3.1.1. Реклама жойини олиш ва реклама конструкциясини жойлаштириш истагини билдирган аризачи Комиссиянинг ишчи органига ариза билан мурожаат қилиши лозим. Аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:
- аризадан мақсад;
- конструкция тури ва унинг ўлчамлари;
- аризадаги реклама жойининг мавжуд объектларга боғлиқ ҳолда аниқ манзили;
- аризачининг имзоси ва муҳри
Аризага мажбурий тартибда қуйидаги ҳужжатлар мажмуаси илова қилинади:
- реклама жойининг чизмаси;
- ўрнатилиши мўлжалланаётган конструкциянинг изометрияда олд томондан, ён томондан, тепадан кўринишлари акс этган ҳамда конструкция барча элементларининг ўлчамлари, тури, конструкциянинг умумий оғирлиги кўрсатилган техникавий чизмаси;
- шамол босими талабларига мувофиқлиги тўғрисида масъул шахслар томонидан бажарилиб, имзоланган ҳамда ташкилотнинг муҳри билан тасдиқланган кафолат мажбуриятлари;
- зарур бўлса, реклама конструкциясининг ўрнатилиши мўлжалланган мулк згалари, шунингдек реклама конструкциясини ўрнатиш мўлжалланаётган ҳудуд эгалари билан келишув.
Қабул қилинган ариза рўйхатга олинади: унда кириш рақами, қабул қилинган санаси ва вақти кўрсатилади. Тўлиқ бўлмаган аризалар қабул қилинмайди.
    3.1.2. Ахборот кўрсаткичини ўрнатиш истагини билдирган аризачи Комиссиянинг ишчи органига ариза билан мурожаат қилиши лозим. Аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:
- аризадан мақсад;
- ахборот кўрсаткичининг ўлчамлари;
- ахборот кўрсаткичи ўрнатиладиган манзили ва мўлжали;
- кўрсаткичдаги матн ва жойлаштириш муддати;
- аризачининг имзоси ва муҳри.
Аризага мажбурий тартибда қуйидаги ҳужжатлар мажмуаси илова қилинади:
- ахборот кўрсаткичи ўрнатиладиган жойининг чизмаси;
- раҳбар томонидан тасдиқланган ва муҳри билан шаходатланган, конструкциянинг аниқ ўлчамлари ва рангли тасвири кўрсатилган ахборот кўрсаткичи конструкциясининг эскизи.
Қабул қилинган ариза рўйхатга олинади: унда кириш рақами, қабул қилинган санаси ва вақти кўрсатилади.
Тўлиқ бўлмаган аризалар қабул қилинмайди.
    3.1.3. Комиссиянинг ишчи органи 5 иш куни ичида сўралаётган жойга бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг буюртмаси бор ёки йўқлигини ўрганиб чиқади, шунингдек сўралаётган жой бўйича аниқ ахборот тўплаш учун аризада кўрсатилган жойга чиқади.
Агар сўралган жой бўш бўлиб, реклама конструкциясини ўрнатиш учун техникавий имкониятлар мавжуд бўлса, реклама тарқатувчига реклама жойининг техник ҳужжати - паcпортини тайёрлаш ва масъул органлар билан келишиш хизмати учун тўлов шартномаси ёзиб берилади.
Тарқатувчи 5 банк куни давомида берилган шартнома бўйича тўловни амалга ошириши лозим.
Шартнома бўйича белгиланган муддат ичида тўлов амалга оширилмаса, ариза бекор қилинади ва реклама жойи яна бўш ҳисобланади.
Комиссия ишчи органи ҳисоб рақамга тўлов келиб тушгандан сўнг 30 кун ичида ишчи органи реклама жойининг паспортини тайёрлайди ва уни келишиш жараёнини амалга оширади, ушбу жараёндан сўнг навбатдаги Комиссия мажлиси муҳокамасига киритади.
    3.1.4. Реклама жойининг паспорти маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Навоий вилоятининг тегишли идоралари (Архитектура ва қурилиш Бош бошқармаси, туман архитектори, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Уй-жойлардан коммунал фойдаланиш бошқармаси, шаҳар, туман ободонлаштириш бўлимлари, Табиатни мухофаза қилиш қўмитаси) ва баъзи шароитларда техникавий зарурат туғилганда бошқа хизматлар  билан келишилган бўлиши керак. Бу хизматлар реклама-ахборот воситасини ўрнатиш учун рухсатнома беришни рад этса, улар мажбурий тарзда асосланган эътирозларини реклама жойининг техник паспортида ёки алоҳида хат билан кўрсатишлари лозим.
Ер ости коммуникацияларини ўрганиш ҳар бир сўралаётган жой бўйича алоҳида, жойга чиқиб ҳамда мутахассислар, махсус техникани жалб этиб амалга оширилади. Муҳандислик тармоқлари ва бошқа коммуникацияларга уланиш билан боғлиқ ташқи реклама воситаларини ўрнатиш зарур бўлса, барча зарур ҳужжатлар илова қилинган ҳолда паспортда тегишли белги қайд қилинади.
Электр таъминоти тармоқларига уланиш учун кейинчалик электр таъминоти тармоқларига уланишга шартнома тузиш учун ёзма келишув мавжуд бўлиши ҳамда реклама қурилмасининг бўлажак эгасида унга хизмат кўрсатиш учун электротехника ва ёруғлик техникаси бўйича ходимлари мавжуд бўлиши шарт. Бундай ходимлар мавжуд бўлмаган тақдирда электротехника ва ёруғлик техникаси ускуналарига хизмат кўрсатиш учун реклама қурилмасининг эгаси ва ихтисослашган ташкилот ўртасида кейинчалик шартнома тузиш учун ёзма келишув илова қилиниши керак.
    3.1.5. Реклама жойини паспортлаштириш жараёни тугалланиб, ташқи рекламанинг техникавий воситаларини ўрнатишда барча манфаатдор ташкилотларнинг розилиги олинганидан сўнг Комиссиянинг ишчи органи паспортга рўйхат рақами беради ҳамда ўрнатиш ишларини бажариш учун Гувоҳнома бериш хусусида қарор қабул қилиш учун ҳужжатларни Комиссиянинг навбатдаги мажлисига тақдим этади.
    3.1.6. Комиссиянинг рад қарори олинган тақдирда ишчи органи беш кун муддатда аризачига рад этишнинг аниқ сабабларини кўрсатган ҳолда рад этиш тўғрисида ёзма билдиришнома юбориши шарт. Рад этиш сабаби вақтинчалик сабабларга боғлиқ бўлган тақдирда ушбу жой бўйича бир йил ўтгандан сўнг такрорий ариза берилиши мумкин.
Аризачи ижобий жавоб олган тақдирда унга реклама жойининг паспорти билан бирга ўрнатиш ишларини бажариш ҳуқуқини берувчи Гувоҳнома берилиб, унда ташқи реклама техникавий воситасини ўрнатиш муддатининг бошланғич ва охирги саналари кўрсатилади.
    3.1.7. Агар аризачи ташқи реклама техникавий воситаларини ўрнатишга улгурмаса, у Комиссиянинг ишчи органи билан реклама жойларини 1 ойдан кўп бўлмаган муддатга банд (брон) қилиш бўйича Шартнома тузишга ҳақли. Ташқи реклама воситалари техникавий жиҳатдан мураккаб тузилишга эга бўлса, жойни банд қилиш муддати 2 ойга узайтирилиши мумкин.
Берилган гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугаган кундан бошлаб, у ўз кучини йўқотган ҳисобланади ва мазкур реклама жойи умумий асосларда бўш реклама жойлари паспортлари каталогига берилиши ва бошқа ҳар қандай реклама берувчи томонидан олиниши мукин.
    3.1.8. Битта реклама жойига бир нечта ариза келиб тушса, Комиссиянинг ишчи органи улар келиб тушган аниқ сана ва вақтни кўрсатган ҳолда аризаларни рўйхатга олади. Бунда Комиссиянинг ишчи органи иккинчи ва кейинги аризачиларга биринчи аризачининг кимлигини кўрсатган ҳолда биринчи ариза бўйича паспортлаштириш ишлари бошлангани тўғрисида ёзма жавоб йўллайди. Паспортлаштириш бўйича ишлар биринчи аризадан бошланади.
Агар иш жараёнида биринчи аризачи амалдаги меъёрий ҳужжатларнинг бирон-бир шартини ёки Комиссиянинг ишчи органи билан шартномавий муносабатларни бузса, ишчи органи сабабларини кўрсатган ҳолда реклама жойини паспортлаш ишлари тўхтатилгани тўғрисида биринчи аризачини ёзма хабардор қилади.
    3.1.9. Агар келишилаётган реклама жойларида бирон-бир қурилиш ёки кайта қуриш ишлари режалаштирилаётган ёки бажарилаётган бўлса, шунингдек реклама жойининг паспорти келишилаётган тегишли хизматлар томонидан техникавий воситаларни ўрнатиш имконияти бошқа сабаб ва ҳолатларга кўра чекланса, улар вақтинчалик рад этишнинг муддатини ёзма кўрсатишлари лозим, реклама жойига вақтинчалик рад этиш кучга киради. Бу ҳолда вақтинчалик рад жавобини олган Аризачининг ушбу жойга ҳуқуқи вақтинчалик рад жавоби ёки чекловнинг муддати тугагунга қадар сақлаб қолинади.
    3.1.10. Аризачи ушбу реклама жойини олишни рад этса ёки техникавий воситалар ўрнатиш ишлари Гувоҳномасида кўрсатилган муддатларда ўрнатилмаса, реклама жойи бўш ҳисобланади ва умумий асосларда бўш реклама жойлари паспортлари каталогига берилиши бошқа реклама тарқатувчилар томонидан сўралиши мумкин.
Реклама жойларининг паспортлари келишиладиган тегишли хизматлар ёки Комиссиянинг асосланган рад жавоби берилган сўралган реклама жойлари рад этилган жой ҳисобланади.
Комиссия ишчи органи рўйхатга олиш санаси ва бир йил муддатга рад этиш тўғрисида ёзма хабарнома санасидан бошлаб рад жавоби олинган санани рўйхатга олади.
    3.1.11. Давлат ҳокимияти органлари томонидан бирон-бир ҳудуд, майдон, кўчалар ташқи реклама жойлаштирилишидан холис зона деб белгиланса, шунингдек қурилмаларни балансида ушловчи томонидан ўз ҳудуди ва биноларининг ташқи томонларида реклама воситаларини жойлаштириш чекланса, мазкур жойларга ташқи реклама воситаларини жойлаштиришга аризалар қабул қилинмайди.
Бунда ташқи реклама воситаларини жойлаштиришдан холис зоналарнинг чегаралари ва чеклов шартлари ёзма шаклда аниқ-равшан белгиланиши керак. Тақиқ ва чекловлар ёзма тартибда бекор қилингунга қадар аризалар қабул қилинмайди. Тақиқ ва чекловлар бекор қилингандан сўнг ушбу жойлар бўш ҳисобланади ва умумий асосда барча реклама берувчилар томонидан сўралиши мумкин.
                                   3.2. Ташқи реклама воситаларини жойлаштириш:
    3.2.1. Реклама конструкцияси қуйидагилар мавжуд бўлганда жойлаштирилади:
- реклама жойининг паспорти;
- Комиссия раиси томонидан имзоланган ўрнатиш ишларига Гувоҳнома;
- реклама конструкциясининг техникавий чизмаси;
- Комиссия ишчи органи вакилининг мажбурий иштироки;
- ишлар транспорт воситалари ҳаракати зонасида олиб борилган тақдирда Навоий вилояти ИИББ ЙҲХБ билан келишилган, йўл техникаси ва йўл белгилари ва жойлаштирилиши кўрсатилган ишлаб чиқариш ишларининг схемаси ва иш олиб бориш вақти муддатлари;
- ишлар Уй-жойлардан коммунал фойдаланиш бошқармаси ҳамда шаҳар, туман ободонлаштириш бўлимлари томонидан ободонлаштирилган ҳудудларида ўтказилса, ер ишларини бажариш учун ордерлар;
- рекламанинг техникавий воситаси Комиссия ишчи органи вакилининг иштирокисиз ўрнатилса, Ўзбекистон Республикасининг "Реклама тўғрисида"ги қонунига мувофиқ чоралар кўриш учун ноқонуний ўрнатиш ишлари бажарилгани тўғрисида далолатнома тузилади;
- реклама конструкциясининг зонаси бевосита реклама майдони бўйича аниқланади.
    3.2.2. Ташқи реклама воситаларини автомобиль йўллари ва кўчаларга ажратилган ҳудудлар чегарасида ўрнатишга рухсат берилади, бунда йўл ёқасидан 1 м. масофада ва ажратиш зоналарида жойлашган реклама воситалари йўловчилар ва ҳайдовчилар учун кўринишни тўсиб қўймайдиган таянчларга эга бўлиши керак. Ташқи реклама ва ахборотлар йўл ҳаракати белгилари билан ўхшаш бўлмасликлари, уларнинг кўринишига халақит бермаслиги, шунингдек йўлда транспорт воситаси, йўловчи ёки бирон-бир объект турганидек тасаввур туғдирмаслиги керак.
- ташқи реклама тасвири элементларининг ёруғлиги ички ва ташқи ёритишда белгиланган ДСТлар бўйича йўл белгиларининг фотометрик характеристикаларидан ортиб кетмаслиги лозим;
- катта ва ўта катта форматдаги реклама пешлавҳалари кўчалар ва йўлларнинг ажратиш қисмида ўрнатилиб, уларнинг кенглиги конструкция кенглигидан кичик бўлса, йўлнинг қатнов қисмидан реклама панносининг қуйи қисмигача бўлган масофа 5 (беш) метрдан кам бўлмаслиги, шу билан бирга реклама қурилмасининг конструкцияси транспорт воситалари ҳайдовчиларига зарур кўринишни таъминлаши лозим;
- реклама конструкцияларини йўлларнинг ажратиш қисмида ва кўчалар бўйлаб ўрнатишга фақат ўрнатилаётган конструкциянинг реклама панноси йўлнинг ҳаракат қисми устидан икки метрдан ортиқ масофага чиқмасагина рухсат берилади;
- троллейбусларнинг контакт тармоғи мавжуд бўлганда йўлнинг ҳаракат қисмида конструкцияларни йўл устига чиқиб кетадиган тарзда ўрнатиш тақиқланади;
- йўловчиларнинг ўтишига ҳалақит бермаган тақдирда кичик ва ўрта форматдаги реклама конструкцияларидан ташқари йўловчилар йўлагида реклама конструкцияларини ўрнатиш тақиқланади;
- йўловчилар йўлагининг ўртасида, жамоат транспорти тўхташ жойининг ўтириш майдончалари ичида алоҳида реклама конструкцияларини ўрнатиш тақиқланади.
    3.2.3. Бир қаторда ва бир йўналишда кетма-кет жойлаштирилаётган бир хил турдаги катта ва ўта катта реклама конструкциялари оралиғидаги масофа 150 метрдан кам бўлмаслиги керак. Йўлнинг транспорт ҳаракати йўналиши қисмидан кўринишни тўсиб қўймайдиган (шунингдек кичик ва ўрта форматдаги) реклама конструкциялари бундан мустасно;
- агар бир йўналишда ўрнатилаётган (катта ва ўта катта форматдаги) конструкциялар орасини номланган кўчалар ёки майдонлар ажратса, конструкциялар ўртасидаги масофа 150 м. дан кам бўлиши мумкин, лекин иккинчи навбатда ўрнатилаётган конструкция йўлнинг транспорт ҳаракати йўналиши қисмидан биринчи навбатда ўрнатилган конструкция кўринишини тўсиб қўймаслиги лозим;
- агар реклама конструкциялари бир-бирига нисбатан параллел ёки перпендикуляр равишда ўрнатилган, яъни, йўлнинг турли ўқлари бўйлаб жойлашган бўлса, ўрнатилаётган конструкциялар ўртасидаги масофа 150 м. дан кам бўлиши мумкин;
- кўчалар кесишмасида ўрнатиладиган ҳамда йўл белгилари ва светофорлар билан бир сатҳда жойлашган реклама воситалари чорраҳалардан 25 м. дан кам бўлмаган масофада ўрнатилади.
Агар реклама воситалари йўл белгилари ва светофорларни тўсиб қўймаса, ушбу қоида уларга нисбатан қўлланилмайди.
- белгилар, светофорлар ва улар жойлашган таянчларда реклама, плакат, транспарант ва йўл ҳаракатини ташкил этишга алоқадор бўлмаган бошқа қурилмаларни жойлаштиришга йўл қўйилмайди;
- йўлнинг ён томонида 2 м. х 3 м. ўлчамли реклама конструкцияларини реклама майдонидан йўлнинг ҳаракат қисмигача камида 1 м. масофада ўрнатиш лозим;
    3.2.4. Кичик форматдаги конструкцияларни бир қаторда ва бир йўналишда бир-биридан камида 25 м., ўрта форматдаги конструкцияларни эса камида 50 м. масофада ўрнатишга йўл қўйилади. Агар бир йўналишда ўрнатилаёттан (кичик ва ўрта форматдаги) конструкциялар орасини номланган кўчалар ёки майдонлар ажратса, конструкциялар ўртасидаги масофа кўрсатилганидан кам бўлиши мумкин, лекин иккинчи навбатда ўрнатилаётган конструкция йўлнинг транспорт ҳаракати йўналиши қисмидан биринчи навбатда ўрнатилган конструкция кўринишини тўсиб қўймаслиги лозим;
    3.2.5. Ташқи реклама ва ахборот техникавий воситалари бинолар, қурилмалар ёки уларнинг мажмуалари (томлари, олд томони, деворлари) юзасида меъморчилик элементларига шикаст етказмасдан ўрнатилиши, шунингдек аҳолининг тўлақонли истиқомат ҳудуди, тарихий-маданий мерос ва меъморчилик ландшафтининг сақланиши ва шаклланишига, шунингдек меъморчилик ва шаҳар қурилиши барча субъектларининг, мазкур қурилмалар эгаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилишга кўмаклашиши лозим.
- ташқи реклама ва ахборотнинг техникавий воситаларини бинолар, қурилмалар ёки уларнинг мажмуалари (томлари, олд томони, деворлари) юзасида жойлаштириш учун тарқатувчи томонидан мазкур объектларни балансида ушловчи билан келишуви бўлиши лозим;
- бозор ва савдо майдонларининг очиқ ҳудудида, шунингдек бошқа идораларнинг очиқ ҳудудида техникавий воситаларни ўрнатиш ва ташқи рекламани жойлаштириш учун тарқатувчи томонидан мазкур объектларни балансида ушловчи билан мазкур Тартибда белгиланган тартибда келишуви бўлиши лозим;
    3.2.6. Реклама конструкциясини ўрнатиш (монтаж қилиш), ундан фойдаланиш ва олиб ташлаш бўйича ишлар конструкция эгаси томонидан ер участкаси, бино ва бошқа мулкнинг мулкдори (балансда ушловчиси) ёхуд ушбу мулк эгаси томонидан ваколатланган шахс билан, электр таъминоти тармоқларига уланганда эса қўриқланадиган зона ҳудудида электр таъминоти линиялари ва ташқи ёритиш тармоқлари ускуналаридан фойдаланувчи ташкилот билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
- агар ташқи реклама ва ахборотнинг техникавий воситасини ўрнатиш учун ерни кавлаш ёки ер ишларига боғлиқ бошқа ишларни бажариш талаб этилса, тарқатувчи ушбу ҳаракатларини тегишли хизматлар (вилоят Архитектура ва қурилиш Бош бошқармаси, Уй-жойлардан коммунал фойдаланиш бошқармаси, шаҳар, туман ободонлаштириш бўлимлари) билан келишади;
- юқорида санаб ўтилган келишувлар реклама жойининг паспортига киритилиши ёки ёзма шаклда келишилаётган ташкилотларнинг бланкаларида мавжуд бўлиши керак;
- шаҳарнинг марказий кўчаларида ўрнатилган реклама қурилмалари ёритишга уланганда реклама қурилмасининг ишга тушиш “Сигнали” (ташқи ёритиш тармоқлари) автоматик тарзда ишга тушиши кўрсатилиши шарт. Ушбу талабнинг бажарилиши ташқи ёритиш ва реклама воситаларининг ёритувчи қурилмалари бир пайтда ишга тушишини таъминлайди, бу эса шаҳар кўчаларининг ягона меъморий безалишига риоя этилишини ҳам таъминлайди.
    3.2.7. Ташқи реклама воситаларини жойлаштириш ҳуқуқи рухсатномаларини бериш ёки келишувларни амалга ошириш масалаларида низо чиққанда улар Комиссия мажлисларида кўриб чиқилади ёки ҳаракатдаги қонун доирасида суд органлари орқали ҳал этилади.
- ижтимоий реклама, ахборотлар ва ахборот кўрсаткичларини жойлаштириш ҳам келишилади;
- вилояти ҳокимининг махсус қарорисиз ташқи рекламани жойлаштириш билан боғлиқ мазкур Тартибда назарда тутилмаган келишувларни амалга оширишга йўл қўйилмайди.
    3.2.8. Ташқи рекламани маданий ёдгорлик объектларида, йўл белгилари, светофорлар ва транспорт ҳаракатини тартибга солувчи конструкцияларда, шунингдек дарахтлар ва ёндош ҳудудга ҳамда шаҳар хизматларининг коммуникация тармоқларига зарар етказиб жойлаштириш тақиқланади.
    3.2.9. Фирмаларнинг фаолиятига алоқадор бўлмаган, бозорлар, ёнилғи қуйиш шохобчалари, савдо жойлари ва бошқа объектларда ўрнатилган ва шаҳар муҳитига қаратилган реклама безаклари ташқи реклама ҳисобланади ва мазкур Тартибга мувофиқ расмийлаштирилиши лозим.
    3.2.10. Ўлчами 500 кв. см. дан кам бўлган ташқи реклама учун ҳақ ундирилмайди.
        3.3. Кўприклар ва йўл ўтказмалари панжараларида рекламани жойлаштириш:
    3.3.1. Кўприклар ва йўл ўтказмалари панжараларида реклама эгаси билан келишувга мувофиқ амалга оширилади ва қуйидаги тарзда жойлаштирилади:
- бир неча қисмга (устун оралиғи) эга кўприкларда қисмларнинг узунлиги 15 метрдан ошмаса, реклама битта қисм (устун оралиғи) - битта реклама қоидаси бўйича жойлаштирилади, бунда реклама конструкциясининг узунлиги кўприк қисми узунлигининг 2/3 бўлимини ташкил қилиши лозим;
- устун оралиғининг узунлиги 15 метрдан ортиқ бўлган кўприкларда иккита реклама конструкцияси жойлаштирилиши мумкин, бунда кўприкнинг узунлиги 7 қисмга бўлинади, кўприк четидан реклама конструкциясигача бўлган ва реклама конструкциялари ўртасидаги оралиқ устун оралиғи узунлигининг 1/7 қисмига тенг бўлиши, иккита реклама қопламасининг узунлиги кўприк узунлигидан 2/7 қисмича бўлиши керак;
- ҳаракатнинг ҳар икки йўналишида битта устун оралиғи бўлган кўприкларда реклама конструкциясининг узунлиги, ҳар икки ҳаракат йўналишлари устидаги масофадан фойдаланишга рухсат этилган бўлса, кўприк узунлигининг ярмига тенг бўлиши керак, бунда реклама конструкциясининг эни конструкциянинг юқори қисми кўприк панжараларидан баланд бўлмаслиги ва қуйи қисми кўприк конструкциясидан паст бўлмаслиги лозим.
    3.3.2. Агар транспорт ҳаракати йўналиши бўйича кўприк панжарасида йўл кўрсаткичлари ўрнатилган бўлса, реклама фақат қарама-қарши ҳаракат йўналиши устида жойлаштирилади.
- агар транспорт ҳаракати йўналиши бўйича кўприк панжарасида йўл кўрсаткичлари ўрнатилмаса, унда реклама конструкцияси жойлаштирилиши мумкин.
    3.3.3. Агар ЙҲХБ томонидан реклама конструкциялари жойлаштирилган кўприклар ва йўл ўтказмалари панжараларида йўл кўрсаткичларини ўрнатиш тўғрисида қарор қабул қилинса, мазкур жойда илгари ўрнатилган реклама қурилмалари олиб ташланади.
    3.3.4. Кўприклар ва йўл ўтказмалари панжараларида ўрнатилган реклама конструкцияларининг металл қисми тескари томонидан муҳофазаланган ва кўприк конструкцияси рангига мос бўялган, шунингдек реклама қопламаси бириккан жойни ёпиб турувчи ҳошияга эга бўлиши керак.
        3.4. Осма ахборот ва реклама воситаларини жойлаштириш:
    3.4.1. Осма реклама воситаларига йўл, кўча ва бошқа жойларнинг устига ёки улар ёқалаб ўрнатилган, тижорат йўналишидаги ахборот тарқатувчи барча турдаги техникавий воситалар - осма транспарантлар киради;
    3.4.2. Осма ахборот воситаларига йўл, кўча ва бошқа жойларнинг устига ёки улар ёқалаб ўрнатилган, давлат тадбирлари ҳамда, шунингдек ушбу тадбирнинг ўтказилиш жойи ва вақти тўғрисида ахборотга эга барча турдаги техникавий воситалар - осма транспарантлар киради;
    3.4.3. Осма восита сим арқонли мослама ва бевосита реклама майдонидан иборат. Сим арқонлар устунларга ёки осма восита учун махсус ўрнатилган маҳкамлашнинг техникавий имкониятига эга бино ва иншоотларга маҳкамланади. Осма воситалар шаҳар ёритиш тармоғи устунларига уланмайди.
- осма воситалар ёритиладиган ҳамда юмшоқ асосли материалдан тайёрланган ёритилмайдиган турларга бўлинади;
- ёритиладиган осма воситалар конструкцияси электр тармоқларида авариявий узилиш қурилмасига эга бўлиши лозим.
    3.4.4. Осма ахборот ва реклама воситаларини жойлаштириш фақатгина Комиссиянинг рухсати олингандан сўнг амалга оширилади.
- тижорат, ижтимоий реклама ва ахборот воситаларини кўчанинг транспорт юрадиган қисми устида ўрнатиш хавфсизликнинг барча меъёрларини ҳамда шамол кучини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши, улар йўл ҳаракати белгиларини ва йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи бошқа турдаги ахборот воситаларини тўсиб қўймаслиги керак;
    3.4.5. Йўл устига ўрнатиладиган осма транспарантлар фақат юмшоқ материаллардан тайёрланиб, уларнинг эни 1,7 метрдан ошмаслиги зарур;
    3.4.6. Осма таранспарантлар кўчанинг транспорт юрадиган қисми устида 5,5 метрдан кам бўлмаган баландликда жойлаштирилиши лозим. Йўл устига жойлаштирилган осма транспарантлар оралиғидаги масофа 150 метрдан кам бўлмаслиги керак;
    3.4.7. Шаҳар электр транспорти ҳаракати ташкил этилган кўчаларга осма транспарантларни жойлаштириш электр тармоқларидан фойдаланиш хавфсизлигининг барча меъёрларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши керак. Улар электр тармоқларидан фойдаланиш хавфсизлиги тўғрисидаги тартибда қайд этилган баландликда ўрнатилиши зарур;
    3.4.8. Осма ахборот сатҳининг майдони йўлнинг ҳаракат қисмида жойлашганда иккала томонининг юзаси билан, чорраҳаларнинг бурчагида жойлашганда эса бир томонининг юзаси билан белгиланади.
        3.5. Кўрсаткичларни жойлаштириш:
    3.5.1. Кўрсаткичлар кўринишидаги реклама воситалари - фақат корхона ҳақида ахборот бериши, яъни, ушбу корхонанинг эмблемаси ёки фирма белгисини, номини ва мазкур ташкилот жойлашган манзилини акс эттириши мумкин. Корхона, маҳсулот ёки хизматлар тўғрисидаги бошқа маълумотларнинг мавжудлиги ташқи реклама ҳисобланади;
    3.5.2. Реклама кўрсаткичларини ўрнатиш мажбурий тартибда кўрсаткичнинг техникавий паспорти расмийлаштирилиб, кўрсаткични ўрнатиш ҳуқуқига Комиссиянинг Гувоҳномаси олингандан сўнг амалга оширилади. Бунда фақат техник паспортни тайёрлаш ва Гувоҳномани расмийлаштириш учун кетган харажатлар шартнома асосида тўланади. Мазкур Гувоҳноманинг амал қилиш муддати кўпи билан бир йил. Агар кўрсаткичдан фойдаланиш даврида уни ўрнатиш ва фойдаланиш бўйича қўйилган талаблар бузилмаса, кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқи эгасининг ўз вақтида берган аризаси асосида янги муддатга узайтирилади;
    3.5.3. Кўрсаткичдан фойдаланиш муддатини узайтиришга ўз вақтида ариза берилмаса ёки тасдиқланган эскизлар, ўлчамлар ва параметрлардан фарқли кўрсаткичлар ўрнатилса ҳужжатлар бошидан қайта расмийлаштирилади;
    3.5.4. Кўрсаткичлар корхона, ташкилот ва бошқа муассасалар жойлашган жойни акс эттириш учун корхона, ташкилотдан кўпи билан 500 м. гача масофада ўрнатилиши мумкин;
    3.5.5. Ахборот кўрсаткичларининг ўлчами 3 кв. м дан ортиқ бўлмаслига керак;
    3.5.6. 3 метр квадратгача ҳажмдаги турли хилдаги ахборот кўрсаткичлари ва реклама ускуналари ёритиш устунларига йўлнинг қатнов қисмидан ичкарига қаратилган ҳолда 2,5 метрдан 5 метргача бўлган баландликда ўрнатилиши мумкин (бундай ҳолларда устунларни баланс эгасидан аввалдан ёзма розилиги олиниши шарт);
    3.5.7. 2 метр квадратдан ортиқ бўлмаган ҳажмдаги турли хилдаги ахборот кўрсаткичлари ва реклама ускуналари ёритиш устунларига кўндалангига йўлнинг қатнов қисмидан ичкарига қаратилган ҳолда 2,5 метрдан 5 метргачабўлган баландликда ўрнатилиши мумкин;
    3.5.8. Йўлнинг қатнов қисмидан кўрсаткичнинг йўлнинг қатнов қисмига қаратилган қиррасигача бўлган масофа 1 м. дан кам бўлмаслиги керак;
Кўрсаткичлар Комиссия томонидан тасдиқланган намуналарга мувофиқ шакл ва тузилишга эга бўлиши керак.
        3.6. Аҳолига хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотларнинг ахборот ва реклама воситаларини жойлаштириш.
    3.6.1. Аҳолига хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотларнинг ахборот воситаларига корхоналар ва бошқа ташкилотлардаги кронштейн ва пешлавҳалар кириб, уларда корхонанинг номи ва мулкчилик шакли, идоравий бўйсуниши ёки фаолият тури бўйича маълумотлар акс эттирилади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ёки сотилаётган товарлар (кўрсатилаётган хизматлар) рўйхати, корхона ва фирмаларнинг эмблема ва товар белгилари (сотилаётган товарлар, фойдаланилаётган ускуналар ҳамда хом ашё материалларининг эмблемалари ва товар белгилари) реклама ҳисобланади.
Аҳолига хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотларнинг ахборот ва реклама воситалари қуйидаги турларга ажратилади:
- пешлавҳалар;
- ахборот воситалари (ахборот конструкциялари);
    3.6.2. Барча турдаги пешлавҳа ва кронштейнлар бевосита корхона жойлашган бино устига ёки унга туташган ва тегишли ҳудудларда жойлаштирилади;
Пешлавҳалар ясси элемент, том қурилмаси кўринишида (агар бино бутунлай мазкур корхонага тегишли бўлса) бажарилган бўлиши ёки кронштейн кўринишида бўлиши мумкин.
Сутканинг қоронғи вақтида пешлавҳалар ёритилиши мумкин.
Пешлавҳанинг ўлчами бинонинг мазкур пешлавҳа ўрнатиладиган томони майдонининг 5% дан катта бўлиши мумкин эмас.
Бинонинг олд томонига жойлаштирилган пешлавҳа ва (ёки) кронштейнларда корхонанинг фаолият соҳасини очиб берувчи матн ва унинг ўз номланиши акс эттирилган бўлиши керак.
Бошқа фото ва матнли маълумотлар, ўзга товар белгиларининг ёки логотипларнинг мавжудлиги реклама сифатида кўрилади;
    3.6.3. Ахборот лавҳачалари тайёрловчи (бажарувчи, сотувчи) тўғрисидаги ахборотни истеъмолчининг эътиборига етказиш учун мўлжалланган. Хизмат кўрсатиш соҳасининг ҳар бир корхонаси аҳоли кириш жойларининг сонига мувофиқ битта ёки бир нечта ахборот лавҳачасига эга бўлиши мумкин. Лавҳачада фақат корхона тўғрисида ахборот кўрсатилиши мумкин:
- корхонанинг қайд этилган (юридик) номланиши;
- корхонанинг иш тартиби.
Ахборот лавҳачалари бинонинг деворида корхонага кириш жойининг ёнида ёки кириш эшигида ташриф буюрувчиларга яхши кўринадиган тарзда жойлаштирилиши мумкин.
Ахборот лавҳачасининг ҳажми 1,0 кв. м. дан ошмаслиги керак.
    3.6.4. Витриналарда жойлаштириладиган ахборот - хизмат кўрсатиш соҳаси корхонасининг витринасида қайд этмасдан туриб товар маҳсулотларининг намуналарини, шунингдек таркибида бошқа фирмаларнинг савдо маркалари, номлари, товар белгилари ва хизмат кўрсатиш белгилари бўлмаган ахборотни жойлаштиришга рухсат этилади:
- ушбу корхона сотадиган товарлар ва кўрсатадиган хизматлар тўғрисида маълумот;
- корхонанинг ўзига хос ёки фирмали номланиши (пешлавҳа мавжуд бўлса), унинг қайд этилган товар белгилари ва хизмат кўрсатиш белгилари;
- корхона фаолиятининг йўналишини очиб берувчи ва унинг фирмали номланишига мос келадиган тасвирий элементлар;
- декоратив безак элементлари;
- давлат ва шаҳар байрамлари муносабати билан мажбурий тартибда жойлаштириладиган байрам безаклари;
    3.6.5. Умумий овқатланиш корхоналарининг ахбороти - умумий овқатланиш корхоналари томонидан кўрсатиладиган хизматлар билан истеъмолчини таништиришга мўлжалланган мажбурий ахборот: меню, прейскурантлар, хизмат кўрсатиш шартлари, бинонинг ичкарисида ёки олд деворида жойлаштирилади, ҳажми 2 кв. м дан ошмаслиги керак;
    3.6.6. Корхоналар, ташкилотлар ва хусусий тадбиркорларнинг ахборот воситалари - манба сифатида юридик шахслар ва хусусий тадбиркорларнинг ўзлари томонидан ўзларига тегишли ахборот воситаларида тарқатадиган ахборот. Бунда воситанинг ўлчами 2 кв. м дан ошмаслиги лозим.
Бошқа фото ва матнли маълумотлар, ўзга товар белгиларининг ёки логотипларнинг мавжудлиги реклама сифатида кўрилади;
    3.6.7. Аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича корхона ва ташкилотларнинг ахборот ва реклама безак воситалари реклама ҳисобланмайди ва Комиссиядан рухсатнома ҳужатлари олишни талаб этмайди.
- ваколатхона ва дистрибьюторлар томонидан ўзлари жойлашган манзил бўйича тарқатиладиган ўз фаолияти тўғрисида маълумот (фақат умумий маълумотлар: ким эканлиги, фаолият йўналиши, реквизитлар. Товар белгилари ва ишлаб чиқариладиган товарлар (кўрсатиладиган хизматлар) рўйхатининг мавжудлиги реклама сифатида баҳоланади) реклама ҳисобланмайди, унинг учун ҳақ олинмайди ва у мазкур Тартибга биноан расмийлаштиришни талаб этмайди.
        3.7. Реклама-ахборот белгиларини жойлаштириш:
- йўл яқинидаги тор йўналишдаги объектлар (емакхоналар, шиналар, карбюраторлар, амортизаторларни таъмирлаш корхоналари, эҳтиёт қисм дўконлари)нинг ахборот таъминоти мақсадида ўрнатилади.
Реклама - ахборот белгисининг ахборот юзаси майдони унинг ташқи габарит ўлчамлари бўйича, 1,0 кв. м дан ошмасдан аниқланади. Реклама - ахборот белгилари йўл белгиларига ўхшамаслиги лозим.
        3.8. Ҳажмли-фазовий конструкцияларни жойлаштириш:
- реклама ахборотини тарқатиш учун конструкциянинг ҳам ҳажми, ҳам юзасидан фойдаланилади;
- якка тартибдаги лойиҳалар бўйича бажарилади ва ҳар бир алоҳида ҳолатда Комиссия томонидан тасдиқланади;
- бундай турдаги конструкциялар ва уларни жойлаштириш қоидаларига қалқонли қурилмаларга нисбатан қўйиладиган талаблар уларга доир қисмида амал қилади.
        3.9. Байроқли композиция ва соябонларни жойлаштириш:
- байроқли композиция - асос ва бир ёки бир нечта флагшток (устунча) ҳамда юмшоқ матодан иборат реклама конструкцияси;
- байроқнинг ахборот юзаси майдони матонинг иккала томони юзаси билан белгиланади;
- соябоннинг ахборот юзаси майдони унинг битта томони юзаси билан белгиланади.
        3.10. Томусти қурилмаларини жойлаштириш:
- бино томининг карнизидан тўлиқ ёки қисман баландда жойлаштириладиган ушбу (ҳажмий ёки ясси) реклама конструкциялари маҳкамловчи элементлар (конструкциянинг ишлаб чиқилган лойиҳаси Комиссия билан келишилади) ҳамда конструкция ва ахборот қурилмасининг кўтариб турувчи қисмидан иборат;
- электр таъминоти тармоғидан авариявий узилиш тизими билан жиҳозланган бўлиши керак;
- реклама конструкциясининг эгаси тўғрисида маълумотлар акс этган ердан кўринувчи таблога эга бўлиши лозим;
- биноларда ўрнатилган томусти қурилмалари ахборот юзасининг майдони тўлов суммасини ҳисоблашда бутун конструкциянинг ташқи габарит ўлчамлари бўйича анқланади.
Конструкция ўрнатилган жойнинг ижараси бинонинг баланс эгаси билан алоҳида келишув бўйича амалга оширилади. Комиссия реклама тарқатувчи билан бинони баланс эгаси ўртасидаги муносабатларга аралашишга ҳақли эмас.
        3.11. Бинолар деворларининг юзасида деворий реклама конструкцияларини қуйидаги кўринишда жойлаштириш:
- бевосита девор юзасига туширилган тасвир (ахборот юзаси);
- деворга маҳкамлаш элементлари, каркас ва ахборот юзасидан иборат конструкция,
- деворий паннолар якка тартибдаги лойиҳалар бўйича бажарилади;
- деворга маҳкамланувчи қисмларга эга деворий паннолар учун фойдаланишда хавфсизликни таъминлаш мақсадида мажбурий тартибда конструкцияни маҳкамлаш лойиҳаси ишлаб чиқилади;
- деворий панно ахборот юзасининг майдони ахборот юзаси каркасининг катталиги билан белгиланади;
- биноларнинг олд деворларида уларнинг катта қисмини, витрина ва деразаларнинг ойналарини тўсиб қўювчи йирик ўлчамли қалқонли реклама ва баннерли реклама ташувчиларни ўрнатишга йўл қўйилмайди.
        3.12. Витражларни жойлаштириш.
Витражлар - дераза ёки эшик бўшлиқларида ёки биноларнинг тоқида ўрнатиладиган реклама конструкцияларидир. Конструктив жиҳатдан витражлар асос, каркас ва шаффоф юзадан иборат.
- реклама ахбороти витраж ойнасининг ички томонидан ёки ўзи елимланадиган плёнка ишлатилса ташқи томонидан жойлаштирилади;
- хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналарининг витражларида корхонанинг фаолият йўналишига мос бўлмаган реклама безакларини жойлаштиришга йўл қўйилади. Бунда ушбу безаклар витраж майдонининг кўпи билан 20 фоизини эгаллаши мумкин; Реклама безаклари 20 фоиздан кўп бўлган тақдирда бу реклама деб ҳисобланади ва ўрнатилган тартибда паспортлаштирилиши шарт,
- витраж ахборот юзасининг майдони витринанинг шаффоф юзасига туширилган тасвирларнинг катталиги, шунингдек витрина ичида жойлаштирилган ҳажмли конструкцияларнинг катталиги билан белгиланади.
        3.13. Проекцион қурилмалар - ер ва девор юзаларида, фазода тасвирларни намойиш қилишга мўлжалланган реклама конструкцияларидир.
- проекцион қурилмаларнинг конструкциялари проекцияловчи қурилма ва ахборот тасвири шаклланадиган юза (экран) ёки ҳажмдан иборат;
- ясси тасвирлар учун ахборот юзасининг майдони проекция тушаётган юзанинг катталиги, ҳажмий тасвирлар учун эса ҳисоб-китоб йўли билан аниқланади.
        3.14. Электрон экранлар (электрон таблолар) - ёруғлик диодлари, лампалар, ёруғликнинг бошқа манбалари ёки ёруғликни акслантирувчи элементларнинг нур тарқатиши ҳисобига экран юзасида тасвир ҳосил қилишга мўлжалланган реклама конструкциялари;
- ахборот юзасининг майдони нур тарқатувчи юзанинг катталиги билан белгиланади;
- бундай турдаги конструкциялар ва уларни жойлаштириш қоидаларига алоҳида турган қалқонли қурилмаларга нисбатан қўйиладиган талаблар уларга доир қисмида амал қилади. Реклама-ахборот роликларининг мазмуни реклама ташувчининг эгаси бўлган ташкилотнинг таҳрир ҳайъати томонидан тасдиқланади;
- ташқи реклама тасвири элементларининг ёруғлиги ички ва ташқи ёритишда йўл белгиларининг белгиланган ДСТлар бўйича фотометрик характеристикаларидан ортиб кетмаслиги керак;
- реклама элементлари ёруғлиги, илинган баландлиги, ўчиб-ёншп даврийлиги бўйича белгиланган талаблар ёки ДСТларга мувофиқ бўлиши керак.
        3.15. Маркизлар - реклама ахбороти туширилган бўғот ва соябон кўринишида ишланган ва витриналар, бино ва иншоотларга кириш жойи ёки тешиклари устида ўрнатилган реклама конструкциялар.
- маркизлар бинога маҳкамлаш элементлари, каркас ҳамда юмшоқ ёки қаттиқ асосда ишланган ахборот майдонидан иборат;
- маркизнинг ахборот майдони юзаси тасвир туширилган қисмининг катталиги билан аниқланади.
        3.16. Йўловчи тўсиқларидаги реклама - йўловчи тўсиқларининг ойнаванд ёки ўзга юзаларида жойлаштириладиган рекламадир.
- йўловчи тўсиғи конструкцияси ахборот юзасининг майдони унинг ҳар иккала томонининг умумий майдони билан белгиланади;
- бундай турдаги конструкциялар ва уларни жойлаштириш қоидаларига алоҳида турган қалқонли қурилмаларга нисбатан қўйиладиган талаблар уларга доир қисмида амал қилади.
        3.17. Вилоят худудидаги объектлари (тўхташ мажмуалари, тумбалар, таксофонлар)да рекламани жойлаштириш.
Реклама ташувчилар билан бирлаштирилган кўча мебели элементлари деб умумий юзаси 5 кв. м. дан катта бўлмаган реклама панеллари билан жиҳозланган шаҳар йўловчи транспортини кутиш павильонлари, шаҳар йўловчи транспорти тўхташ жойларининг кўрсаткичлари, кўча ўриндиқлари, ахлат қутилари, кўча соатлари, таксофон кабиналари, йўловчи ҳаракатини тўсувчи элементлар тушунилади, башарти реклама панели конструкциянинг ўлчами кўча мебели элементи умумий ўлчамининг учдан бир қисмидан катта бўлмаса ҳамда реклама майдони (томони) юзаси ўлчами кўча мебели элементи ахборот майдони (томони) умумий ўлчамининг учдан икки қисмидан катта бўлмаса (кўча мебели элементида реклама майдони (томони) билан бир пайтда ўзга турдаги ахборотни жойлаштириш учун майдон (томон) мавжуд бўлса).
Реклама панеллари билан жиҳозланган шаҳар йўловчи транспортини кутиш павильонлари мажбурий тартибда ўриндиқ ва шаҳар ахборот лавҳалари билан мажмуада, ўрнатиш ишлари якунлангандан сўнг аризачи томонидан павильонга туташган ҳудудни ободонлаштириш бўйича талабларга риоя этилган ҳолда ўрнатилиши керак.
Реклама ташувчилар билан бирлаштирилган кўча мебели элементлари, ёритиш элементлари ташқи ёритиш, электр таъминлаш тармоғига қўшилган тақдирда электр таъминоти масалалари ва фойдаланилган электр қуввати учун тўлов масалалари ташқи ёритиш тармоғининг электр таъминоти линиялари (ВЛ ва КЛ) муҳофаза зонасига қўйилган барча талабларга риоя этилганда, электр таъминоти корхоналари билан келишилсагина йўл қўйилади.
        3.18. Ташқи реклама ва ахборотнинг вақтинчалик объектлари
    3.18.1. Тиркама конструкциялар (штендерлар) шаҳарда корхоналарнинг иш соатларида жойлаштирадиган ташқи реклама ва ахборотнинг вақтинчалик объектлари, жисмоний шахслар томонидан техникавий воситаларни ишлатмасдан кўчирилади.
- штендерлар икки томонли бўлиши ва ўз ёритгичига эга бўлмаслиги лозим;
- умумий юзаси 2 кв. м., бунда штендернинг баландлиги 1 м. дан ошмаслиги лозим;
- реклама қилинаётган объект жойлашган бинонинг олд деворидан 1,5 м. гача масофада жойлаштирилиб, йўловчиларга халақит бермаслиги ва ўтиш жойларини тўсиб қўймаслиги керак;
- штендерларни йўловчилар йўлагида, шунингдек йўлнинг ҳаракат қисмидан кўринишни тўсадиган тарзда ўрнатиш тақиқланади;
- штендерлар йўлнинг ҳаракат кисмидан камида 3,0 м. узоқликда жойлашиши лозим.
    3.18.2. Ҳаво шарлари, аэростат, дирижаблларда реклама - ҳаво фазосида жойлаштириладиган ташқи рекламанинг вақтинчалик воситалари, байрам ва тематик тадбирларни ўтказиш даврида вақтинчалик реклама безагини ташкил этади. Ахборот юзасининг майдони чизилган тасвирнинг катталиги билан белгиланади.
    3.18.3. Лотоклар, аравачалар, киосклар ва соябонларда реклама - чакана савдо ва умумий овқатланиш корхоналарининг ишлаш вақтида лотоклар, аравачалар, киосклар ва соябонларда ўрнатиладиган ташқи рекламанинг вақтинчалик воситалари, лотоклар, аравачалар, киосклар ва соябонларнинг айрим қисмларини плёнкали ёки бўёқ материаллари билан қопламасидан иборат. Ахборот юзасининг майдони чизилган тасвирнинг катталиги билан белгиланади.
    3.18.4. Қурилиш ва чакана (кўча) савдоси (ёзги кафелар, кўргазмалар, савдо майдонлари ва қурилган майдончаларининг тўсиқлари) объектларининг вақтинчалик тўсиқларидаги, шунингдек бошқа вақтинчалик тўсиқлардаги реклама ушбу объектларнинг бадиий безагини таъминлаши лозим. Ушбу объектларни алоҳида қалқонлар, юмшоқ безак ёки узлуксиз лента билан безаш тавсия этилади.
Қалқонли конструкциялар қўлланганда уларнинг баландлиги тўсиқнинг таянч элементлари баландлигининг 1/2 қисмидан ошиб кетмаслиги керак.
Қурилиш майдончасида иншоотлар (бино қайта таъмирланганда қурилиш ҳавозалари, маиший хоналар, прожекторлар учун мачталар, кранлар ва ҳ.), шунингдек тўсувчи тур мавжуд бўлса, мазкур Тартибда назарда тутилган ташқи рекламанинг бошқа объектларини жойлаштириш мумкин.
    3.18.5. Қурилиш тўсиқларининг ҳар қандай туридаги реклама - қурилиш объектларини чегараловчи турлар ва тўсиқларнинг бошқа турларидаги тасвир кўринишида ташқи реклама объектлари. Бундай тўсиқларда реклама қурилиш ёки таъмирлаш-тиклаш ишларига рухсатнома мавжуд бўлса, унинг амал қилиш муддати давомида бинонинг ташқи томони (олд томони)да қурилиш ва тиклаш ишлари бажарилаётганда жойлаштирилади. Қурилиш ёки таъмирлаш ишларини олиб бораётган хўжалик юритувчи субъект билан келишилиши шарт.
Қурилиш тўсиқларида ташқи рекламани жойлаштириш учун рухсат берувчи ҳужжатлар мазкур Тартибда белгиланган тарзда расмийлаштирилади, бунда Комиссиянинг алоҳида қарори билан объект ташқи рекламани жойлаштириш тўловидан озод қилиниши мумкин.
Реклама-ахборот юзасининг майдони чизилган тасвирнинг катталиги билан белгиланади.
        3.19. Реклама атрибутларини жойлаштириш:
- реклама атрибутларига донасининг ўлчами 0,2 кв. м. дан катта бўлмаган ҳар хил турдаги реклама маҳсулотлари (брелоклар, соябонлар (фақат вақтинча ўрнатиладиганлари), урналар, ўриндиқлар, кулдонлар, канцелярия анжомлари, тақвимлар, майкалар, махсус кийимлар, нишонлар, идишлар, шунингдек сувенирлар ва фирмалар байроқлари) киради;
Реклама атрибутлари савдо шохобчаларини ва идораларни безашда фирма ва товарлар ҳақида ахборот ташувчи сифатида фойдаланилади;
- реклама атрибутлари корхона эгаси томонидан мустақил равишда жойлаштирилиши мумкин. Улардан ташда реклама воситаларини жойлаштириш тарифи бўйича ҳақ олинмайди ва улар учун Комиссиянинг рухсатнома ҳужжатларини олиш талаб этилмайди. Бунда реклама эгаси Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг тамаки ва алкоголли маҳсулотларни реклама қилиш бўйича ўрнатилган талабларининг бажарилишига жавобгар бўлади;
- хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташқи безатишнинг бошқа барча турлари, жумладан, донасининг ўлчами 0,2 кв. м дан катта бўлган сувенирлар ва фирмалар байроқлари, ёритувчи идишлар, бўяш ва фирмали безаш ташқи реклама ҳисобланади.
        3.20. Театр ва концерт афишалари, оммавий маданий, спорт ва бошқа йўналишдаги тадбирлар эълонларини жойлаштириш:
Афиша - ўтказиладиган оммавий маданий, спорт ва бошқа йўналишдаги тадбирлар, промо-акциялар тўғрисидаги ахборотни ўзида мужассамлаштирган ёзув рекламасининг асосий воситаларидан биридир.
Эълон - бошқа юридик ва жисмоний шахслар ҳамда жамоатчилик эътиборини жалб қилиш мақсадида аниқ юридик ва жисмоний шахсларга етказиладиган қисқа маълумот.
Театр ва концерт афишалари, оммавий маданий, спорт ва бошқа йўналишдаги тадбирлар эълонларини жойлаштириш учун мўлжалланган махсус мосламаларни (кейинчалик махсус мосламалар) жойлаштириш мазкур Тартибга асосан Комиссиянинг ишчи органи орқали расмийлаштирилиши лозим;
- Махсус мосламалар Комиссия томонидан тасдиқланган андозавий намуналарга мувофиқ шакл ва тузилишга эга бўлиши керак;
- махсус мосламаларда жойлаштирилган бир марта ўтказиладиган тадбирлар, яъни, театр ва концерт афишалари, оммавий маданий, спорт ва бошқа йўналишдаги тадбирлар, турли промо-акциялар эълонлари ташқи реклама ҳисобланади. Уларни жойлаштириш учун Комиссиянинг рухсатини олиш талаб этилмайди ва ташқи рекламани жойлаштириш учун тариф бўйича ҳақ олинмайди;
- махсус мосламалар ва уларда жойлаштирилаётган театр ва концерт афишалари, оммавий маданий, спорт ва бошқа йўналишдаги тадбирлар, турли промо-акциялар эълонларининг ташқи кўриниши, эстетик ҳолати ва мазмунига қўйилган талабларнинг бажарилишига махсус мосламанинг эгаси жавобгардир;
- мазкур Тартибга асосан тсгишлича расмийлаштирилмасдан ўрнатилган барча махсус мосламалар ва улардан ташқарида ўрнатилган барча афиша ва эълонлар берухсат ўрнатилган ҳисобланади;
- Навоий вилоятида берухсат ўрнатилган афиша ва эълонлардан тозалаш Комиссия томонидан белгиланган масъул корхона ёки ташкилотларга юклатилади. Тозалаш бўйича қилинган барча сарф-харажатлар берухсат афиша ва эълонларни жойлаштирган корхона ва шахслардан ундирилади.

IV. НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ҲУДУДИДА ЎРНАТИЛАДИГАН ТАШҚИ РЕКЛАМА ОБЪЕКТЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН   ТАЛАБЛАР

        4.1. Ташқи реклама воситалари реклама конструкцияларининг техникавий ҳолати ва дизайнига нисбатан қўйиладиган талабларга мувофиқ ўрнатилади.
        4.2. Ер усти пойдеворлари - 25 см. дан баланд бўлмаслиги лозим;
- сувоқ қилиниши ва жойлашган ерининг асосий элементларига мувофиқ рангда бўялиши лозим. Пойдевор бўяладиган ранг Комиссия томонидан аниқланади.
    4.2.1. Пойдевор йўловчилар йўлаги, йўловчиларнинг ўтиш жойига чиқиб кетса ер усти пойдеворларини ўрнатишга рухсат берилмайди, ирригация қувурлари устида пойдевор ўрнатиш тақиқланади;
    4.2.2. Қисман ерга кирган пойдеворлар:
- пойдевор 40 см. дан ортиқ ерга чуқур кирганида пойдеворнинг ер усти қисми ер усти пойдеворларига қўйиладиган талабларга мувофиқ ишланиши лозим, эгаси ҳудуднинг ерости коммуникацияларининг таҳлили кўринишида ваколатли органларнинг розилигини олиши керак.
    4.2.3. Тўлиқ чуқурлаштирилган пойдеворлар - пойдевор 40 см. дан ортиқ тўлиқ чуқурга кирганда реклама жойини паспортлаштиришда унинг ер усти қисми ер юзасидан баланд бўлмаслиги (нўл сатҳда бўлиши), эгаси ҳудуднинг ерости коммуникацияларининг таҳлили кўринишида ваколатли органларнинг розилигини олиши керак.
        4.3. Реклама конструкцияси:
- техник босим хавфсизлигининг юқори даражасини ҳамда шамол босими ва фойдаланишда етарлича турғунликни таъминловчи материаллардан тайёрланиши лозим;
- лойиҳа ҳужжатлари ва конструкциянинг қурилиш меъёрлари ва қоидалари ҳамда бошқа норматив ҳужжатларга мувофиқлиги тегишли лицензияга эга ваколатли ташкилотларнинг хулосалари билан тасдиқланган бўлиши керак;
- реклама конструкциясининг устуни “0” белгисидан реклама майдонигача камида 5,0 м. баландликка эга бўлиши лозим, бунда реклама қурилмасининг тузилиши транспорт воситаларининг ҳайдовчиларига зарур кўриш сатҳини таъминлаши керак;
- реклама конструкциясининг устунлари тирговуч ёки чўзмага эга бўлмаслиги керак;
- реклама конструкциясининг устуни ташқи кўринишини ёмонлаштирувчи элементлар (пайвандлаш чоклари, занг, шикаст)сиз тўғри текис юзага эга бўлиши керак;
- реклама конструкциясини маҳкамлашнинг ташқи элементлари ҳимоя қопламаси билан ёпилган ва пойдевор рангига мос бўялган бўлиши керак.
        4.4. Конструкциянинг реклама майдони:
- реклама майдони ўлчамлари реклама жойининг паспортида кўрсатилган ўлчамларга қатъий мувофиқ бўлиши керак;
- конструкциянинг реклама майдони томонлари ўртасида тирқишсиз, реклама қопламасини маҳкамлаш элементлари кўринишини истисно қилувчи ҳошия рамкасига эга бўлиши керак;
- бир томонли конструкция эстетик ташқи кўринишни таъминловчи конструкция орт қисмининг металл қопламасига эга бўлиши керак;
- боғичларнинг илмоқлари реклама майдонидан ташқарига чиқмаслиги керак;
- реклама конструкцияси эгаларининг логотипи, номи ва боғланиш телефонлари ёзилган лавҳачага эга бўлиши керак;
- реклама конструкцияси ёритмага эга бўлиши керак;
- ўрнатиладиган ёритма уй-жойларнинг деразаларига бевосита яқин жойлашмаслиги, истиқомат қилувчиларнинг тўлақонли дам олишига халақит бермаслиги, йўл ҳаракати иштирокчиларини ёруғлик, жумладан, аксланган ёруғлик билан қамаштирмаслиги лозим;
- ташқи реклама объектларини ёритиш учун саноатда ишлаб чиқарилган, электр ва ёнғин хавфсизлигини таъминловчи ёруғлик асбоблари ишлатилиши лозим. Ёруғлик асбобининг бирикмаси уни реклама конструкцияси билан ишончли уланишини таъминлаб, шамол, қор босимини, тебраниш ва зарбали таъсирларни кўтариши лозим;
- ташқи реклама объектларини жойлаштириш йўловчиларга, кўча ва йўловчи йўлакларини тозалашга тўсқинлик қилмаслиги лозим;
- шовқин, тебраниш, кучли ёруғлик, электромагнит ва бошқа нурланиш ва майдонларнинг манбаси бўлган ташқи реклама объектларини уй-жойларга яқин ўрнатишга йўл қўйилмайди.
         4.5. Ташқи реклама объектлари:
- йўл ҳаракати иштирокчилари кўзини қамаштирмаслиги, ташқи реклама ва ахборот тасвири элементларининг ёруғлиги ички ва ташқи ёритишда йўл белгиларининг фотометрик характеристикаларидан ортиб кетмаслиги керак;
- муҳандислик иншоотларининг габаритларини кичрайтирмаслиги;
- ташқи кўриниши, тасвири ва овозли таъсири бўйича йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техникавий воситалари ва махсус сигналларга ўхшамаслиги, уларнинг кўринишини ёмонлаштирмаслиги, шунингдек йўлда (кўчада) транспорт воситаси, йўловчи, ҳайвонлар ёки бирон-бир объект турганидек тасаввур туғдирмаслиги керак;
- ташқи реклама воситаларини маҳкамлашда иншоотларга шикаст етказиш, шунингдек уларнинг мустаҳкамлиги ва турғунлигини пасайтиришга йўл қўйилмайди;
- башарти барча реклама ахбороти бир пайтда пайдо бўлмаса, реклама ҳаракатланувчи элементларга эга тасвир орқали ахборотни чиқармаслиги лозим.
        4.6. Ташқи реклама воситаларини:
- бевосита тоннелларга кириш ва тоннеллардан чиқиш жойлари ёнида, ҳамда уларга 10 м. дан яқинроқ жойда;
- йўл ва кўчаларнинг ҳаракат қисми ва четлари устида икки метрдан ортиқ четга чиқиб кетса (осма транспарантларни истисно қилганда);
- йўл панжаралари ва йўналтирувчи қурилмаларда;
- автомобиль йўллари ва кўчаларнинг юза қисмига чизиш ёки қурилиш материаллари, бўёқлар, йўл белгиларидан фойдаланиб ўйиб чизиш усули билан жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
        4.7. Таркибида электротехника ва ёруғлик техникаси ускунаси мавжуд ҳар бир ер усти ташқи реклама воситаси электр қурилмалари Қоидалари талабларига мувофиқ бажарилган заминлаштириш қурилмасига эга бўлиши керак. Мазкур заминлаштириш қурилмалари, уларнинг даврий синовлари алоҳида ҳужжатда қайд этилиб, реклама воситаси эгасида сақланиши лозим.

                 V. ТАШҚИ РЕКЛАМА СОҲАСИДА МУАЛЛИФЛИК ҲУҚУҚЛАРИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА

        5.1. Рекламага бўлган муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги Қонуни билан тартибга солинади.
Рекламада қуйидагилар тақиқланади:
- муаллифлик ҳуқуқи ва қўшимча ҳуқуқларни муҳофаза қилишнинг техникавий воситалари соҳасидаги қонунчилиқца ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, бошқа бир реклама маҳсулотида қўлланадиган умумий ечимни, матн, тасвир, мусиқали ёки овозли усулларни имитациялаш (кўчирма қилиш ёки ўхшатиш).
        5.2. Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни муҳофаза қилишнинг техникавий воситалари деб асарлар ёки турдош ҳукуқ объектларига киришни назорат қилувчи, асарлар ёки турдош ҳуқуқ объектларига нисбатан муаллиф, қўшимча ҳуқуқ эгаси ёки мутлақ ҳуқуқнинг бошқа эгаси томонидан рухсат берилмаган ҳаракатларнинг олдини олувчи ёки чекловчи исталган техникавий воситалар ва уларнинг таркибий қисмлари тан олинади.
- исталган қурилма ёки унинг таркибий қисмларини тайёрлаш, тарқатиш, ижарага бериш, вақтинчалик беминнат фойдаланишга бериш, импорт қилиш, реклама қилиш, улардан даромад олиш ёки хизматлар кўрсатиш мақсадида фойдаланишга йўл қўйилмайди, башарти бундай ҳаракатларнинг оқибатида муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни муҳофаза қилишнинг техникавий воситаларидан фойдаланиш имкони йўқолса ёхуд ушбу техникавий воситалар кўрсатилган ҳуқуқларни тегишлича муҳофазасини таъминлай олмаса.

                                       VI. ТАШҚИ РЕКЛАМАНИ ЖОЙЛАШТИРИШГА РУХСАТ ОЛИШ ТАРТИБИ

        6.1. Ташқи рекламани жойлаштириш истагини билдирган реклама тарқатувчи Комиссиянинг ишчи органига реклама жойлаштириш бўйича ариза билан мурожаат этади.
Аризага қуйидагилар илова қилинади:
- тарқатилаётган ташқи реклама эскизи ва реклама матни;
- агар маҳсулот сертификатланиши мажбур бўлса, Ўздавлатстандарти ёки сертификатлаш ҳуқуқига эга идора томонидан берилган мувофиқлик сертификатининг нусхаси;
- агар реклама қилинаётган фаолият турини лицензиялаш зарур бўлса, тегишли лицензиялар нусхаси.
        6.2. Ариза топширилганидан сўнг у Комиссия ишчи органи томонидан рўйхатга олинади ва Комиссияга юборилади.
        6.3. Комиссиянинг ижобий қарори олинган тақдирда:
- Комиссия номидан унинг ишчи органи реклама берувчи билан ташқи реклама воситаларини жойлаштириш ҳуқуқи берилганлиги учун ҳақини ундириш учун контракт тузади. Тўлов суммаси Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши сессиясининг қарори билан тасдиқланган тарифларга мувофиқ белгиланади;
- ташқи рекламани воситаларини жойлаштириш ҳуқуқи берилганлиги учун ҳақини ундириш учун контракти бўйича маблағлар келиб тушганидан сўнг тарқатувчига ташқи реклама воситаларини жойлаштириш ҳуқуқини берувчи Комиссиянинг гувоҳномаси берилади. Гувоҳнома билан бирга мажбурий тартибда реклама жойи паспортининг нусхаси ҳам тақдим этилади.
        6.4. Ташқи реклама жойлаштирилишининг бошланиш куни ва тугатиш муддати реклама жойлаштириш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилади.
        6.5. Рекламани жойлаштириш муддати узайтирилган тақдирда тарқатувчи рекламани жойлаштириш ҳуқуқи гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугамасдан туриб жойлаштирилаётган реклама муддатини узайтиришни сўраб ишчи органи орқали Комиссияга мурожаат қилиши мумкин.
Мазкур реклама жойидан фойдаланиш муддати ичида тузилгак контракт талабларидан четга чиқилмаган бўлса, тарқатувчи ушбу реклама жойидан фойдаланишни узайтиришга имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади.
Тарқатувчининг ташқи рекламани янги муддатга жойлаштириш шартномасини тузишдан воз кечса ташқи реклама олиб ташланади.
        6.6. Ташқи рекламанинг техникавий воситасини томонларга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра (қайта қуриш, қурилиш ёки таъмир ишларининг олиб борилиши ва ҳ.к.) олиб ташлаш зарурати юзага келса, ишчи органи 10 кунлик муддат ичида реклама берувчи ёки уни тарқатувчисини ушбу тадбирларнинг ўтказилиши тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши, тарқатувчига ташқи рекламани жойлаштиришга тенг қийматли жойдан фойдаланиш ҳуқуқини бериши керак.
Техникавий восита реклама берувчи ёки унинг тарқатувчиси томонидан ва унинг ҳисобига (харажатлари) олиб ташланади.

                        VII. ТАШҚИ РЕКЛАМА ВОСИТАЛАРИНИ ЖОЙЛАШТИРИШ ҲУҚУҚИ УЧУН ТЎЛОВ

        7.1. Навоий вилоятида ташқи реклама воситаларини жойлаштириш ҳуқуқи учун ҳақлар Комиссия номидан унинг ишчи органи ва реклама тарқатувчи ўртасида тузиладиган Контрактда қайд этилган шартларда, тасдиқланган тарифлар асосида амалга оширилади.
        7.2. Навоий вилоятида ташқи реклама воситаларини жойлаштириш ҳуқуқи учун ҳақлар таърифлари Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши сессиясининг қарори билан тасдиқланади ва тарқатилаётган рекламанинг моҳияти, реклама воситаларининг турлари ва реклама жойлаштириш ҳудудий зоналардан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
        7.3. Реклама жойига реклама-ахборот фаолияти бўйича Комиссия билан келишилган ва рухсат берилган ижтимоий реклама жойлаштирилган ҳолларда ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқи учун ҳақ олинмайди.

                                        VIII. РЕКЛАМА ТАРҚАТУВЧИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

        8.1. Реклама тарқатувчи ва реклама берувчи Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонунига мувофиқ ҳуқуқларга, шунингдек:
- реклама тўғрисида шартнома тузиш ҳақида оммавий таклиф (оммавий оферта) бериш;
- реклама материалларини тақдим этишнинг ўлчам ва шаклларини мустақил аниқлаш;
- қонунчиликда белгиланган тартибда реклама жойлаштиришга рухсат рад этилиши устидан шикоят килиш;
- тижорат рекламасини жойлаштиришга буюртма бўлмаган тақдирда белгиланган тартибда ижтимоий реклама жойлаштириш.
         8.2. Тарқатувчининг мажбуриятлари:
- ташқи реклама воситаларини жойлаштириш билан боғлиқ барча ҳаракатларини қатъий равишда Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонуни ва Навоий вилоятида ташқи рекламани жойлаштиришнинг ушбу Тартибига мувофиқ амалга ошириш;
- Навоий вилоятида реклама воситаларини фақат рекламани жойлаштиришга рухсат берилгани тўғрисидаги Гувоҳнома асосида жойлаштириш;
- Гувоҳноманинг амал қилиш муддатини узайтириш зарур бўлган вазиятларда кечиктирмаган ҳолда жойлаштириш муддати тугагунча муддатини узайтириш бўйича ариза тақдим этиш;
- Комиссиянинг рекламани жойлаштириш муддатини узайтириш бўйича рад қарори олинган тақдирда, ўз ҳисобига реклама воситасини олиб ташлаш ёки реклама воситасини олиб ташлаш бўйича қилинган ҳақиқий харажатлар қийматини тўлаш;
- кейинчалик рекламани жойлаштиришдан воз кечилган тақдирда ишчи органни бу тўғрида хабардор қилиш ва рекламани жойлаштиришнинг тўланган муддати тугагунга қадар реклама воситасини олиб ташлаш;
- реклама конструкцияси ёки реклама қопламаларининг ташқи кўриниши ёмонлашган тақдирда хабар қилингандан сўнг 3 суткадан кечиктирмаган ҳолда тиклаш ишларини ўтказиш;
- реклама жойлаштиришга буюртмалар бўлмаган даврда Тарқатувчи               1-тариф зонасида Комиссия томонидан тасдиқланадиган ижтимоий рекламани жойлаштириши шарт, Комиссия томонидан тасдиқланган ижтимоий рекламани жойлаштириш учун ҳақ олинмайди. Эскизи Комиссия томонидан тасдиқланмаган рекламани 1-тариф зонасида жойлаштирилганда бунинг учун маҳаллий корхона сифатида ҳақ ундирилади;
- реклама воситаларидаги реклама қопламаларининг кўринишини ўзбошимчалик билан ўзгартирмаслик;
- тасдиқланган эскиз, жойлаштириш схемаси ва реклама жойининг паспортига мувофиқ қатъий равишда ажратилган реклама жойидан фойдаланиш ва реклама воситасини ўрнатиш. Тасдиқланган лойиҳа, жойлаштириш схемаси, реклама воситасининг паспорти ва кўринишидан четга чиқилгани аниқланса, Комиссиянинг ишчи органи далолатнома тузади ва тарқатувчини ёзма шаклда хабардор қилади. Далолатномада кўрсатилган муддатдан бошлаб 5 кун ичида реклама тарқатувчи бузилишларни ўз ҳисобидан бартараф қилиши шарт. Мавжуд бузилишлар кўрсатилган бартараф этилмаган тақдирда комиссия ёки унинг номидан ишчи органи амалдаги қонунчилик бўйича чора кўриш учун ҳужжатларни Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш худудий бошқармасига юборади. Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш худудий бошқармаси кўрсатмалари бажарилмаган тақдирда Комиссия ўз қарори билан конструкция олиб ташланишини таъминлашга ҳақли, реклама тарқатувчиннг мазкур реклама жойига ҳуқуқи бекор қилинади ва реклама жойининг паспорти тендер комиссиясига берилади. Конструкцияни олиб ташлаш, ташиш ва сақлашга оид барча харажатлар реклама конструкциясининг эгаси бўлган реклама тарқатувчи томонидан тўланади. Конструкцияни олиб ташлаш, ташиш ва сақлашга доир қарздорлик 30 кун муддат ичида тўланмаган тақдирда бундай конструкция амалга оширилган харажатларни қоплаш учун манфаатдор шахсларга сотувга чиқарилади;
- реклама конструкцияси ўрнатилгандан ёки олиб ташлангандан сўнг шу жойда ободонлаштириш ишларини ўтказиш;
- савдога кўмаклашувчи воситалар (мерчандайзинг)га тегишли реклама воситаларининг ташқи ҳолати бўйича жавобгар бўлиш, маркиза, тент ва бошқа турдаги реклама кўринишли қопламлардан фойдаланмаслик. Агар реклама мақсадида ушбу постерлардан маркиза, тентлар сифатида фойдаланилса, реклама берувчи ёки унинг тарқатувчиси уларнинг мазкур Тартибга мувофиқ жойлаштирилишини расмийлаштиришлари шарт;
- талаб қилинганида ишлаб чиқарувчи ёки реклама тарқатувчисининг реклама ахборотларининг ҳаққонийлигини тасдиқловчи ҳужжатларини тақдим этиш;
- реклама қилинаётган товар ва хизматларга тегишли лицензия (фаолият лицензияланиши лозим бўлса) ва сертификатни (фаолият мажбурий тартибда сертификатланиши лозим бўлса) тақдим этиш.

                                             IX. КОМИССИЯ ИШЧИ ОРГАНИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

        9.1. Комиссия ишчи органи:
- Шартнома тузиш ва реклама берувчи томонидан асоссиз равишда шартнома тузишдан бош тортиши натижасида етказилган зарарни қоплашга мажбур қилиш бўйича даъво билан суд органларига мурожаат қилиш;
- қонунчиликда белгиланган ҳолатларда реклама тарқатувчидан тегишли лицензия ва сертификатларни талаб қилиш;
- реклама-ахборот фаолияти бўйича Комиссия билан келишган ҳолда ташқи реклама паспортини ва уни жойлаштиришга рухсат бериш тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштиришгани учун кетадиган харажатларни қоплаш учун қўшимча ҳақ олиш;
- тарқатувчиларга белгиланган тартибда ишчи органнинг Уставида кўрсатилган қўшимча пуллик хизматлар кўрсатишга ҳақли.
        9.2. Комиссия ишчи органи мажбуриятлари:
- реклама тарқатувчига ҳеч қандай тўсиқсиз рекламани жойлаштириш тартиби ва реклама жойларига расмийлаштирилган бўш паспортларнинг мавжудлиги, шунингдек рекламани жойлаштириш билан боғлиқ ва Комиссия фаолиятига тегишли бўлган бошқа масалалар бўйича маълумотларни бериш;
- реклама тарқатувчини у томонидан ижарага олинган реклама жойи атрофидаги ҳудудларда қайта таъмирлаш ишлари ўтказилиши ҳақида огоҳлантириш;
- тўланган рекламани жоилаштириш муддатининг тугагунга қадар томонларга боғлиқ бўлмаган ҳолда реклама (йўллар, майдонларни қайта таъмирлаш, қурилиш ёки ер билан боғлиқ ишларнинг ўтказилиши ва бошқа сабабларга кўра) олиб ташланса, тарқатувчига янги реклама жойи бериш, фойдаланилмаган даврдаги суммани қайта ҳисоб-китоб қилиб, янги реклама жойи ҳисобига ўтказиш ёки уни қайтариб бериш.


                                                 X. РЕКЛАМА МАТЕРИАЛЛАРИНИ САҚЛАШ МУДДАТЛАРИ

        10.1. Реклама тарқатувчилар реклама материаллари (гувоҳномалар, паспортлар ва реклама материалларини жойлаштиришга оид бошқа материаллар)ни рекламани жойлаштириш муддати якунланган охирги кундан бошлаб 1 йил давомида сақлашлари шарт.

                                         XI. РУХСАТ ЭТИЛМАГАН РЕКЛАМАЛАР БИЛАН ИШЛАШ ТАРТИБИ

        11.1. Комиссиянинг рухсат гувоҳномаси олинмасдан ҳар хил турдаги реклама воситаларини ўрнатиш ва уларга реклама жойлаштирилиши ўзбошимчалик билан ўрнатилган ҳисобланади ва рухсат этилмаган реклама ҳисобланади.
        11.2. Рухсат берилмаган реклама жойлаштирган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан "Реклама тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан чоралар кўрилади.

                                                            XII. НИЗОЛИ ҲОЛАТЛАРНИНГ ҲАЛ ЭТИЛИШИ

        12. Рекламани жойлаштириш жараёнида юзага келадиган низолар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ ҳал қилинади.


                     XIII. ТАШҚИ РЕКЛАМАНИ ЖОЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

        13. Мазкур ташқи рекламани жойлаштириш тартибини бузган юридик ва жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортилади.


Вилоят ҳокимлиги Иқтисодиёт ва

ижтимоий ривожлантириш масалалари

котибияти бош мутахассиси

____________ А.Умедов 

 

 

 

 

Вилоят ҳокимининг
2012 йил “_____” октябрдаги
___________-сонли қарорига 
                                                                                                                  2-илова




Навоий вилояти ҳокимиятининг реклама-ахборот
 фаолияти бўйича Комиссияси
Т А Р К И Б И



1.    С.Самадов    Вилоят ҳокими ўринбосари, комиссия раиси


2.    Ғ.Содиқов    Вилоят ҳокимлиги Иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари котибияти мудири


3.    А.Базаров    Вилоят Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи


4.    Ф.Эгамназаров     Вилоят Архитектура ва қурилиш Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари


5.    Ш.Самадов     Вилоят ИИБ ЙХХБ бошлиғи


6.    А.Жўраев    Вилоят Матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи


7.    В.Жараев    “Тасвирий ойина” вилоят уюшмаси раиси


    Изоҳ: Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда уларнинг лавозимига янги тайинланган шахслар киритилади.




Вилоят ҳокимлиги Иқтисодиёт ва
ижтимоий ривожлантириш масалалари
котибияти бош мутахассиси

____________ А.Умедов