Бугун: 20 Апр 2019 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > Бахши ва жировларга илҳом бағишлаган фестиваль


Қадимий достон, эртак ва қўшиқларимиз маданиятимиз, тарихимизни ўзида акс эттирувчи бебаҳо бойлигимиздир. Давлатимиз раҳбари томонидан ўтган йил 1 ноябрда қабул қилинган "Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида"ги қарор миллий бахшичилик ва достончилик санъатининг ноёб намуналарини асраб-авайлаш, ривожлантириш, ёш авлод қалбида ушбу санъат турига ҳурмат ва эътибор туйғуларини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ҳужжатда Термиз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш кўзда тутилган. Байрам қадимдан бахши-шоирларга бешик бўлиб келаётган воҳада ташкил этилганлиги миллий анъана ва урф-одатларимизни, ота-боболаримиздан мерос санъатимизни янада кенг тарғиб этиш имкониятини яратади.

Бугун биринчи марта ўтказилаётган ушбу халқаро тадбирнинг очилиш маросими бўлиб ўтади. Унга дунёнинг кўплаб давлатларидан фольклоршунос олимлар, бахши-шоирлар, оқин ва жировлар, ижодий жамоалар ташриф буюрган. Фестиваль халқларни бир-бирига яқинлаштириб, халқ оғзаки ижодидан баҳра олишга имкон яратади.

Термиз шаҳри байрамона безатилиб, кўча-хиёбонларга халқаро фестиваль руҳи акс этган баннерлар ўрнатилди. Муҳташам Санъат саройи майдонига мардлик ва ватанпарварлик тимсоли — Алпомишнинг ҳайкали кўрк ҳамда улуҚворлик бағишлаб турибди.

Тадбир доирасида хорижий ва маҳаллий бахшичилик санъати усталарининг якка концертлари, фольклор жамоаларининг халқаро кўрик-танлови, дунёга машҳур алломаларимиз ҳаёти, фаолияти ҳақида саҳналаштирилган дастурлар, ўзбек, араб, форс, инглиз, рус тилларида нашр этилган илмий-тадқиқот асарлари, турли адабиётлар намойишига алоҳида ўрин ажратилган.

32 гектардан иборат ҳудудда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларнинг рамзий қўрғонлари бунёд этилиб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос урф-одат, анъана ва қадриятлари акс эттирилган.

Вилоятимиздан фестивалга 100 нафарга яқин киши иштирок этмоқда. Улар учун ажратилган майдон ҳам ўзига хос тарзда безатилган. У ерда ўрнатилган тарихий обидалар ва ўтов макетларининг дизайни "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси вилоят бўлими томонидан амалга оширилди. Миллий либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат, ҳайкалтарошлик намуналари билан бойитилди. Бир сўз билан айтганда, кичик Навоийни бунёд этишди.

Ўрнатилган саҳнада 9 нафар бахши ва жировларимиз ҳамда Қизилтепа туманининг "Ванғози" фольклор-этнографик жамоаси, Навоий ихтисослаштирилган маданият ва санъат мактабининг "Баҳор" рақс ансамбли вакиллари ўзларининг мусиқий дастурларини томошабинларга намойиш этишади.

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғояси асосида биринчи бор ташкил этилаётган халқаро бахшичилик санъати фестивали республикамиз аҳлини ҳақли равишда фахрланишга ундади, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари Ф. Солиев. — "Алпомиш", "Кунтуғмиш", "Гўрўғли" каби достонларни бахшилар тилидан эшитганда кишининг кўнгли яйрайди. Бахши ва жировлар дўмбирани қўлга олганида ҳаммани сеҳрлаб, достон воқеаларига маҳлиё қилиб қўяди.

Тадбирнинг асосий қисмида республикамизнинг таниқли санъаткорлари қатори Конимех тумани "Дўстлик" маданият ва аҳоли дам олиш маркази ходими Сабит Исабеков ҳам қатнашади.

Фестиваль 10 апрелгача давом этади.

Хуршида НАРЗИЕВА,

"Дўстлик байроғи" мухбири.

Кўрилганлар сони: 105 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus