Бугун: 27 Июн 2019 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > Баркамолликка чорлаган ёшлик ва спорт байрами


Май ойининг сўнгги кунларида бутун мамлака­ти­миз бўйлаб ўзгача кайфият, жўшқин­лик ҳукмронлик қил­ди, десак, янглиш­май­миз. Ўрта мах­сус, касб-ҳунар таъ­лими муассасалари ўқувчиларининг "Бар­камол авлод" рес­пуб­лика мусобақа­лари чин маънода ёшлик ва на­фо­сат, аҳиллик ҳам­­да дўстлик байрами­га айланди.

ЯНГИЛАНГАН, ЯШАРГАН ЖИЗЗАХ

Илк бор Жиззахда, сўнг­ра Қорақалпоғистон Рес­пуб­ли­каси, Андижон, Тош­кент, Сур­хондарё ва Наманган вилоят­ларида ўтказилган "Баркамол авлод" спорт ўйинларига жо­рий йил яна бир карра мез­бонлик қилган Жиз­зах­да мусо­бақа муносаба­ти билан таъ­рифласа ар­зигулик ўзгариш­лар амал­­га оширилди.

Нуфуз­ли мусобақанинг очилиш маросими бўлиб ўтган за­мона­вий спорт маж­муа­­си кейинги уч йилда бар­­по этилиб, унда ўн минг ўринли "Сўғдиёна" ста­диони, енгил атле­тика, сузиш, гимнасти­ка зал­ла­ри ва бошқа қу­лай­лик­­лар яратилди. Ви­лоят­лардан келган спортчи­ларни бутун­лай кўркам қиёфа касб этган Жиз­зах шаҳри ва кўтарин­ки руҳдаги жиззах­лик­­лар кутиб олди. Танта­нали очи­лиш ма­роси­ми­да бокс бўйи­ча ик­ки карра Олим­пия ўйин­лари иш­ти­­рок­чи­си Хур­шид То­жи­­боев ва дзюдо бў­йича Осиё чем­пио­ни Иро­да Аб­ду­раҳ­мо­новалар му­со­бақа машъа­ла­сини қўлла­рида кўтарганча май­донга кириб ке­лишаркан, то­мо­шабинлар қал­бини ҳаяжон, завқ, қувонч қам­раб олгани, шуб­ҳа­сиз. Бу машъ­ала "Баркамол ав­лод — 2017" ўйин­ларининг минг на­фарга яқин қат­нашчисига жўш­қин руҳ, қатъий­лик, да­диллик ба­ғиш­ла­ди гўё. Тан­тана­ли ма­ро­сим шуку­ҳи ҳар бир спорт­чи йи­гит-қиз қал­бига ул­кан орзу­лар са­ри қа­дам де­бо­часи бў­либ муҳр­лан­ди. Чунки улар­­ни ол­дин­­­да му­собақа­лар, ҳая­жонли он­лар кутар­ди...

"КИЧИК ОЛИМПИАДА"ДАН КАТТА ЎЗГАРИШЛАР

 Юртимиздаги 1500 дан зиёд ли­цей ва касб-ҳунар коллежи вакилла­ри иштиро­ки­да бўлиб ўтган мусобақа­нинг уну­тил­мас лаҳ­залари ҳам ўзи­га яраша бў­ла­ди.

Шу ўринда таъ­кид­лаш ло­зимки, му­тахассислар томони­дан "Кичик Олимпиада", деб номлан­ган уч босқичли узлуксиз спорт тизими мусобақалари олимпия ўйинла­ри қоида ва талаблари асосида ўтади. "Баркамол авлод" спорт мусо­бақалари биринчи марта Жиззах вилоятида ўтка­зилганда қатнашчилар спортнинг саккиз тури бўйича беллаш­гандилар. Бу йилги мусобақалар эса спорт­нинг 17 тури — бас­кетбол, во­лейбол, футбол, қўл тўпи, оғир атлетика, дзюдо, юнон-рум кура­ши, эркин кураш, бокс, сузиш, таэквондо, енгил атлетика, ба­диий гимнастика, теннис, стол тенниси, бадминтон ва шахмат бўйича бўлиб ўтди.

"ҚУРЪА ТАШЛАНДИ, КУРАШЛАР БОШЛАНДИ"

barkamol avlod.uz сайтида шу сарлавҳадаги хабарни кўпчилик қизиқиш билан ўқиган бўлиши, табиий. Чунки ҳар бир вилоят вакили спортчи ёшлари мусобақада қандай даражада иштирок этишар­кин, дея тез-тез ОАВ янгилик­лари ҳамда мусобақа учун ташкил этилган махсус сайтни кузатиб боришди.

Навоийлик ёшларнинг илғор ва пешқадамлиги ўйинларнинг илк кунлариданоқ кўзга ташланди. Қувонч билан айтиш мумкинки, мусобақага йўл олган эллик икки нафар спортчимиз ва уларнинг мураббийлари ўзларига билди­рилган ишончни оқлашди. Волей­болчиларимиз "Баркамол авлод" ўйинлари саралаш бос­қичидан ўтиб, финалга йўлланма олишганди. Қуръа ташлашдан сўнг вакилларимиз андижонлик­лар билан майдонга тушадиган бўлишди ва улар устидан мутлақ ғалаба қозонишди. Финалда фарғоналиклар билан бўлган учрашув ҳам Навоий олимпия захиралари коллежи ўқувчила­ридан иборат волейболчи йигит­ларимизни "Баркамол авлод" ўйинлари тарихида илк олтин медални қўлга киритиши билан якунланди.

— Мусобақа жуда ҳаяжонли тарзда ўтди, — дейди биз билан суҳбатда Навоий олимпия захи­ралари коллежи ўқувчиси Фир­давс Шукуров. — Водий жамоа­сини 3:2 ҳисобида мағлуб этиш­га муваффақ бўлдик. Бу осонлик­ча бўлгани йўқ, албатта. Биз билан машғулот ўтказиб, ғолиб­лигимизга катта ҳисса қўшган бош мураббий Музаффар Ядга­ров, ёрдамчи мураббий Назир Нажабовларнинг меҳнатлари кўп бўлди. Яқинда Ўзбекистон чем­пио­натида ҳам 1-ўринни эгалла­гандик. Жиззахдаги тантаналар бизни янада руҳлантирди. Яра­тилган шароитлардан бошимиз осмонга етди. Ва энг муҳими, вилоятимизга олтин медаль билан қайтганимиздан бахтиёр­миз!

ЖАМОАНИНГ ИЛК ОЛТИН МЕДАЛИ

Сузиш бўйича мусобақалар ҳам кескин ва муросасиз руҳда ўтди. Вакилларимиз жамоаси­га илк олтин медални туҳфа этган ҳам моҳир сузувчи­лари­миз бўлди. Уларнинг бу ғала­баси барча йигит-қизларни марра сари дадил қадам бо­сишга чорлади.

Тўрт нафар сузувчи ўсмир 100, 200 метрга брасс, эркин усулда сузишда олтин, кумуш, бронза медалларига эгалик қилишди. Навоий олимпия захиралари коллежидан Олимжон Одилов 1 та олтин, 2 та кумуш, 1 та бронза­ни қўлга киритган бўлса, Аҳмад Умуров, Ойбек Хўжаев, Саломат Нормуродовалар ҳам бир нечта медаллар соҳиби бў­лишди. Х. Ате­­мова, Д. Шарипова, Г. Абу­бакировалар бронза ме­дали учун олиб борилган баҳс­ларда имко­ниятни бой беришди. Уларнинг рақибларидан унча катта бўл­маган масофа билан ортда қо­лишгани ўз устида иш­лашни яна кучайтиришса, кел­гуси мусо­бақаларда соврин­дор­лар сафи­дан жой олишларидан дарак беради. 

— Бундан уч йил аввал Наман­ганда бўлиб ўтган "Баркамол ав­лод" спорт ўйинларида умумжа­моа ҳисобида қуйи поғонадан жой олгандик, — дейди НКМКга қарашли "Сўғдиёна" ЖТСК сузиш бўйича мураббийи Ибро­ҳим Назаров. — Бу йил эса 4-ўринга кўтарилиб олдик. Бу ўз-ўзидан бўлмади. Доимий маш­ғулотлар, яратилган қулайлик, имкониятларнинг ўрни бор.

Қувончлиси, сузувчилар ораси­да халқаро мусобақалар ғолиби, Осиё чемпионати совриндор­лари борлиги вилоятимизда бу спорт турига бўлган эътибор ошиб бораётганини исботлайди.

ЕНГИЛ АТЛЕТИКА… 14-ДАН 2-ЎРИНГА!

"Тезроқ! Чаққонроқ! Эпчил­роқ!" Бу сифатларни енгил атлетика бўйича вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қил­ган саккиз нафар иштирок­чининг барчасида мужассам­лигини кўришимиз мумкин. Буни нафақат биз, бутун мам­лакат йигит-қизлари қўришди.

Наманганда, бундан уч йил ол­дин бўлган баҳсларда, умумжа­моа ҳисобида енгил атлетикадан 14-ўринни банд этган вакиллари­миз, бу йил чинакамига ирода, матонат, қобилиятларини кўрса­тиб, медаллар шодасини вилоя­тимиз номига ёзиб қўйишди ва якунда 2-ўринни эгаллашга му­ваффақ бўлинди. Эътироф этиш керакки, Навоий олимпия захи­ралари коллежидан енгил атле­тика бўйича бош мураббий Анвар Ҳакимов, мураббий Анвар Очи­лов, Азим Назаровларнинг ти­нимсиз машғулотлари натижаси бўлди бу!

Коллеж ўқувчиси Наргиза Ни­зо­миддинова 100 метр масофани 12.06 дақиқада босиб ўтиб, "Бар­камол авлод" спорт ўйинлари рекордини ўрнатди. Шунингдек, у 200 метрмасофани 24.49 да­қиқада забт этиб, яна бир олтин медаль соҳиби бўлди. 4х100, 4х400 метр эстафета бўйича кумуш, бронза медалларини қўл­га киритди. Кармана иқтисодиёт ва саноат касб-ҳунар коллежи 2-босқич ўқувчиси Аббос Нурул­лаев 800 метрга югуришда  ва 4х400 эстафетада 1-, 400 метрда 2-ўринни эгаллади. Жалойир қишлоғида яшовчи йигитнинг бу ғалабалари мураббийи Санжар Аслонов ва яқинларини хурсанд қилди. Шунингдек, шу коллеж ўқувчилари "Шибзон" МФЙда яшовчи эгизаклар — Фотима ва Зуҳра Бобоқуловаларнинг ҳам кумуш ва бронза медалларини эгаллаши қишлоқ жойларида ёшларнинг спорт билан шуғулла­ниши учун яратилган шароит, эътиборнинг юксаклигини кўр­сатади.

— Қизларимнинг бу ғалабаси­дан жуда хурсанд бўлдим, — дейди мамнунлик билан улар­нинг отаси Мардон Қўлдошев.   — Кўпчилик эгизаклар нимжон, касалга чалинувчан бўлади, де­йишади. Улар 4-синфдалигидаёқ енгил атлетика билан шуғулла­ниш­ни бошлашган. Қизларим ҳамиша ғайратли, соғлом ва тетик. Беш нафар қизим бор. Фотима, Зуҳраларим баъзи ўғил болалар отасига келтиролмаган фахрни беришди менга. Бундан ортиқ қувонч бўлмаса керак! 

  СЎЗГА СИFМАГАН ИЗҲОРЛАР

Наргиза НИЗОМИДДИНОВА, Навоий олимпия захиралари коллежи ўқувчиси (енгил ат­ле­тика):

— Жиззахда бизни катта хур­сандчилик билан кутиб олишди. Дам олишимиз учун барча қулай­ликлар яратилган. ¤йинларда вилоятимиз шарафини астойдил ҳимоя қилишга аҳд қилгандим. Буни бажарганимдан мамнунман. Келажакда 2020 йилги Олимпия ўйинларида қатнашиб, ғолиб бўлмоқчиман.

Умирзоқ АЧИЛОВ, Конимех агросервис касб-ҳунар колле­жи ўқувчиси (бокс):

— Саралаш ўйинларидан ўтиб, финалга йўл олганимни оиламиз катта қувонч билан қабул қилган­ди. Мураббийим, Ақил Бердия­ров билан машғулотлар олиб бордик. Жиззахдаги ўйинларда бронза медалини қўлга кирит­дим. Орзуим — нуфузли ўйин­лар­да қатнашиб, бундан ҳам баландроқ чўққиларни забт этсам, дейман.

Феруза ЮНУ­СОВА, Навоий олим­­пия за­хира­лари коллежи ўқув­чиси (бадиий гимнастика):

— "Баркамол ав­лод" ўйинлари­да кумуш медаль билан тақдир­ландим. Таас­суротларим бир олам. Жиззахда дўстлар орттир­дик. Тажрибамиз бойи­ди. Бундан кейин ҳам ишонч ва эътиборни муно­сиб равишда оқлашда давом этамиз. Бу бизнинг шиоримизга айланган.

Акмалжон МИРВАФОЕВ, Ўзбекистон "Баркамол авлод" жисмоний тарбия ва спорт жамияти вилоят минтақавий бўлими раи­си ўринбосари:

— Ўқувчи ёшларга вилоят ҳокими томонидан юксак дара­жа­даги билдирил­ган ишонч, алоҳида суҳ­батлашиш мадад, далда бўлди, деб ҳисоблайман. Вилоятимизнинг ўйинлар тари­хи­да илк бор 5-ўринни қўлга киритиши ҳазилакам воқеа эмас. Юздан ортиқ лицей, коллежлари мавжуд баъзи вилоятлар билан солиштирганда, нисбатан анча кам ўрта махсус, касб-ҳунар таъ­лими маскан­ла­рига эга вилояти­миз учун бу фахрли натижа. Ай­ниқса, қишлоқ хўжалик йўнали­шидаги коллеж ўқувчиларининг спортда фахрли иштироки мақ­товга сазовор. Ишона­мизки, Қашқадарёда бў­ла­диган кейинги "Барка­мол авлод" спорт ўйин­ларида бу натижамиз янада яхшиланади.

 СЎНГСЎЗ  ЎРНИДА…

Республика финал босқичи­да вакилларимиз 17 та олтин, 15 та кумуш, 18 та бронза, жа­ми 50 та медаль соҳиби бўлишди. Теннис, бадминтон, таэквондо ВТФ, оғир атлетика бўйича совриндорлар кузатил­магани, айни шу турлар бўйи­ча машғулот олиб бориш­нинг чуқурлаштириш, керакли ша­роитларни ҳозирлашни тақозо этади. Қолгани эса… Спорт­чи­нинг маҳорати, ғалабага бўлган иштиёқига боғлиқ. "Баркамол авлод — 2017" спорт ўйинларида вилоятимиз номини шараф билан ҳимоя қилган ёшлар бундан кейинги халқаро турнир, жаҳон чемпионатларида ҳам юрт бай­роғини баланд кўтариш учун шундай шаҳд билан интили­шади. Биз эса ҳамиша бундай ёшлар билан фахрланамиз!

 Зулфия  БОБОЕВА.

Манбаа: dustlikbayrogi.uz

Кўрилганлар сони: 2467 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus