Бугун: 21 Май 2019 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > ЭЪЗОЗ ВА ЭҲТИРОМ - ЮКСАК ҚАДРИЯТ


9 май – Хотира ва қадрлаш куни олдидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт орти фахрийларига давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан алоҳида эҳтиром кўрсатилмоқда. Бу эъзоз эса қонли жангоҳларда бугунги тинч ва осуда кунларимиз учун курашган нуронийларимизнинг кўнглини тоғдек юксалтираётир.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 23 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони асосида бу йил Хотира ва Қадрлаш тадбирлари ҳар йилгидан ўзгача кайфиятда нишонланмоқда.  

Навоий вилоятида бугунги кунда 37 нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари истиқомат қилиб, доруломон кунларга шукрона, юртга тинчлик ва қут-барака сўраб, ҳаёт гаштини сурмоқда.

Навбаҳор туманининг “Кўҳрон” маҳалласида яшовчи 94 ёшли Бафо бобо Бахронов ҳам машъум урушнинг даҳшатли хотираларини бугун яхши эслайди. Навқирон йигитлик чоғида урушга жўнаган отахон ғалабадан кейин турли соҳаларда меҳнат қилди.

Байрам муносабати билан Бафо бобонинг хонадонига вилоят ва туман ҳокимлиги, ҳарбийлар ҳамда ёшлар ташриф буюрди. Фарзанд ва набиралар, эваралар қуршовидаги отахонга вилоят ҳокими Президентимизнинг йўллаган табригини ўқиб эшиттириб, 7 миллион 500 минг сўмлик пул мукофоти ва қимматбаҳо совғаларни тантанали равишда топширди.

— Ёшларимизни кўриб уларга ҳавас билан боқаман. Шунча имконият, шунча шароит. Буларнинг барчаси мустақиллигимиз шарофати, тинчлик неъмати. Хонадонимдан ҳол сўраб келувчиларнинг қадами узилмайди. Уларни кўрганимда юрагим тўлиб кетади. Инсонни эъзозлаш, кексаларни қадрлаш, жасоратини муносиб рағбатлантиришдек эзгу қадриятлар бошқа ҳеч қаерда бўлмаса керак. Бу эътибор ва эҳтиром учун Президентимизга раҳмат айтаман, — дейди Бафо бобо.

Навоий шаҳрининг “Ҳаёт” маҳалласида истиқомат қилиб келаётган иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси 95 ёшли Иброҳим ота Исмоиловнинг хонадони шу кунларда янада гавжум. Маҳалла фаоллари ва ёшлар келиб, у кишидан ҳол-аҳвол сўрамоқда, уй юмушларига кўмаклашмоқда. Иброҳим ота урушдан кейинги умрида ҳам эл корига яраш, юртимиз тараққиётига ҳисса қўшиш мақсадида халқ хўжалигининг турли соҳаларида ҳалол меҳнат қилди. Фаолияти давомида фаол ва ташаббускор бўлиб, ёшларга ўрнак кўрсатди.

Ҳозирда 9 фарзанд, 36 невара, 90 дан ортиқ эвараю-чевараларининг эъзозида бўлиб келаётган отахоннинг чеҳрасида хотиржамлик ва табассум намоён.

Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан вилоят ҳокимлиги, кенг жамоатчилик вакиллари нуроний отахонннинг хонадонига ташриф буюриб, совға-саломлар улашишди. Вилоят ҳокими Қ.Турсунов Иброҳим бобога Давлатимиз раҳбарининг йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди ва пул мукофотини топширди.

Кекса авлод вакилларига ғамхўрлик кўрсатиш халқимизга хос азалий кадрият. Бугун замондош нуронийларимизни эъзозлаш эса ҳаёт тарзимизга янада чуқурроқ  сингиб бормоқда.

— Биз, кексалар давлатимизнинг доимий эътибори ва ғамхўрлигида роҳат-фароғатда яшаётганимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз, ёшларга бундай саодатли кунларнинг қадрига етиш, юртимиздаги тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш муҳимлигини уқтирамиз, —дейди Иброҳим бобо суҳбат давомида.

Нуронийларимиз ҳузурида бўлишнинг файзи ўзгача. Мўъжазгина даврага яқинлар ва дўстлар йиғилишганда суҳбат асосини шукроналик, гўзал туйғулар, орзу истаклар ташкил этади. Бундай дийдорлашувдан ҳаёт, тинчлик ва хотиржамликнинг қадри уфуриб туради. Қўллар дуога очилганда эса, юртимиз тинчлиги, осонимиз мусаффолиги сўралади.

Ватан озодлиги ва фаровон кунлар учун мардонавор курашиб, қаҳра-монлик кўрсатган юртнинг асл фарзанлари жасорати ҳеч қачон унутилмайди, аксинча, авлодлар қалбида мангу яшайди.

 Шу боис ҳам юртимизда иккинчи жаҳон урушида мардлик намунасини кўрсатган юртдошларимизнинг хотирасини абадийлаштириш, тирикларини  қадрлаш муқаддас қадрият саналади.

Вилоят ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда ҳарбийлар ва ёшлар Нурота туманида яшовчи уруш ва меҳнат фахрийлари хонадонида ҳам бўлдилар. Нурота туманининг “Истиқбол” маҳалласида истиқомат қилаётган Мурот бобо Мавлоновнинг айни навқирон ёшлик даври урушнинг суронли йилларига тўғри келди.

Мурот бобо ҳам сафдошлари қаторида ватани, оиласи тинчлиги учун жангоҳларда қаҳрамонлик кўрсатди. Урушдан ёруғ юз билан жонажон ватанига қайтиб келиб, бугунги кунда бахтли ҳаёт кечирмоқда. Давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларининг ташрифи отахонни ниҳоятда қувонтириб юборди. Мурот бобога вилоят ҳокими Қ.Турсунов Президентимиз табригини ўқиб эшиттириб, Давлатимиз раҳбари номидан 7 миллион 500 минг сўм миқдордаги мукофот пули ҳамда эсдалик совғаларини тантанали равишда топширди.

Одам тафтини одам олади, дейди доно халқимиз. Меҳрибон инсонларни кўриб, уларнинг меҳр ва оқибатидан руҳланиб Мурот бобонинг кўнли тоғдек кўтарилади.

— Инсон қадри сарбаланд юртда яшаш нақадар бахт. Сенинг бахтинг, саодатинг, саломатлигинг, фаровон турмушининг учун қайғурадиган бундай давлат дунёда бўлмаса керак. Зеро, биз кексалар буни ҳар қадамда ҳис этиб яшаяпмиз, — дея дуога қўл очади Мурот бобо.

Айни пайтда 93 ёшни қарши олган 7 нафар фарзандни камолга етказган отахон 86 нафар невара ва эваралар қуршовида шундай дориламон кунларда яшаётганидан бахтиёр. Мурот бобо уруш йилларини хотирлар экан, кўзида ёш билан суронли йиллар ёди акс этган қўшиқ куйлайди. Энг эътиборлиси, бу қўшиқ бобони ёдидан ҳеч қачон кўтарилмайди. Жангоҳларда қон кечган фарзанднинг онага бағишланган шеъри юракларни ларзага солади, барчани тинчликни қадрига етишга даъват этади.

Нурота туманининг “Шайхон” маҳалласида яшовчи Турсун бобо Эргашев бу йил 97 баҳорни қарши олди. Вилоят ҳокимлиги ва жамоатчилик вакиллари отахоннинг хонадонига ташриф буюрар экан, уларни бобонинг ўзи кутиб олди. Сўзлари теран, ўзи тетик Турсун бобо шу кунларга етказганига минг бора шукрона қилади. Айниқса, Давлатимиз раҳбарининг йўллаган табригини тинглар экан, кўзига ёш олади. Эъзоз ва эътибордан қалби яшнайди.

 — Хотира ва Қадрлаш сингари улуғ тушунчалар юксак қадрият даражасига кўтарилган бугунги дориламон кунлар шукуҳи биз нуронийларнинг кўнглимизни тоғдек кўтармоқда, — дейди Турсун бобо Эргашев. — Ҳар доим биз кексаларнинг ҳолидан хабар олинаётгани эса кучимизга куч, умримизга умр қўшмоқда. Айниқса, бу эзгу анъаналар 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни байрами арафасида янада юксалади. Ҳар йили ушбу улуғ сана арафасида хонадонимиздан жамоатчилик вакиллари, дўсту ёронлар, набираю эваралар қадами узилмайди.

Бугунги дориламон кунлар учун курашган, ватан келажаги йўлида жон фидо қилган юртдошларимизни хотирлаш, тирикларни эъзозлаш халқимизга хос азалий қадрият сифатида ҳамиша улуғланиб келаверади.

Кекса авлод вакилларига эҳтиром кўрсатишга қаратилган бу каби маданий тадбирлар Навоий вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ҳам тантанали равишда давом этмоқда.

 

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.

 

 

Кўрилганлар сони: 110 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus