Бугун: 24 Июн 2019 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > Мозийнинг нурли саҳифалари


Х асрда яшаб ўтган Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахий "Бухоро тарихи" асарида Карманани Бухородан ҳам олдин пайдо бўлганлиги ҳақида маълумот беради. Ўша даврда у ниҳоятда гўзал масканлардан бири эди ва жойлашган ўрнига кўра "кўзача" деб таърифланган. Аммо узоқ йиллар бу муқаддас масканнинг улуғлигини билмай келдик. Чунки мустабид тузум даврида тарихни ҳаққоний ёритган, ўтмишда яшаб ўтган улуғ аждодларимиз қолдирган ноёб илмий-адабий меросдан баҳраманд бўлишдан маҳрум эдик. Ваҳоланки, Карманада яшаб ўтган илм-фан фидойилари, улуғ алломалар, кароматгўй авлиёлар тўғрисида юзлаб китоблар ёзилган, турли манбаларда маълумотлар берилган.

Нурхон Бекниёзов педа­го­гик фао­лият билан бир­га кўп йил­лардан буён Кар­мана тарихи­га оид қим­матли маъ­лумот­лар­ни тўплаш, уларни чу­қур таҳлил этган ҳолда халққа тақ­дим этиш соҳасида жид­дий шу­ғул­ланиб келади. Унинг туман, вилоят ва рес­­публика вақтли нашр­ларида ўз из­ла­ниш­лари­нинг маҳсу­ли сифа­ти­да яра­тилган ўнлаб мақо­лалари эълон қи­линган. 2007 йилда А. Ҳота­мов билан ҳаммуаллифликда "Кар­мана — қадимий диёр" моно­графия­си "Ўз­бе­кистон" нашриёти­да чоп этилди. Яқинда Тошкентдаги "Turon zamin ziyo" нашриётида Фар­рухбек Мардо­нов билан ҳамкорликда ёзил­ган "Кар­мананинг етти пири" кито­би­­нинг нашр этилиши Кармана тари­­хи­ни ўрганувчилар учун яна бир му­ҳим манба бўлди.

Биринчи Президентимиз И.А.Кари­мовнинг "Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт — пировард мақса­димиз" асарида шундай дейилган: "Миллий мафкурани шакллан­ти­ришдаги энг катта манба — бу ҳақ­қоний ёритилган тарихдир. Тарих­ни билмасдан туриб, маф­ку­ранинг фалсафий негизларини англаб бўлмайди. Чунки мафку­ранинг фал­сафий асослари ўз даврида тари­хий ҳақиқат туфай­ли туғилган".

Дарҳақиқат, миллий қадриятлари­миз­нинг тикланиши, аждодла­римиз қолдирган маънавий мерос­дан хал­қимизнинг тўла баҳраманд бўлиши, улуғ авлиёларимизнинг ман­­гу ором­гоҳлари қутлуғ қадамжо­ларга айлан­тирилгани ўзлиги­миз­ни англашга, ёш авлоднинг бар­ка­мол воя­га ети­шига хизмат қил­моқда. Ке­йинги йил­ларда Кармана­да улуғ ав­лиёлардан бўлган Хўжа Хисрав қаб­ри ўрнида мақбара тик­ланди, Шайх Нуриддин зиёратгоҳи таъмир­ланиб, зиёрат­гоҳга айланти­рилди. Бу улуғ сий­мо­лар "Кармана­нинг етти пири" кито­бида тўртинчи ва бешин­чи пир сифатида келти­рил­ган.

Алишер Навоийнинг "Насойим ул-муҳаббат", Саййид Муҳаммад Но­сир­нинг "Туҳфат аз-зоирин", Ҳа­санхожа Нисорийнинг "Музаккир ул-аҳбоб" ва бошқа асарларда Карма­нада яшаб ўтган валий зотлар, каро­матгўй авлиё­лар ҳақида кўплаб маъ­лумотлар берилган. Китоб муал­лиф­ларининг хизмати шундаки, тасав­вуф илми ривожида муҳим из қол­дир­ган, эл орасида илм-маъри­фат ёйишдаги хизматлари, тариқат тарғиботчиси сифатида кўрсатган валийлик хусу­сиятларига кўра етти пирни ажратиб кўрсатганлар ва ҳар бирининг ҳаёти ҳамда фаолиятига оид маълумот­ларни ишончли ман­баларга таянган ҳолда шарҳлаб берган.

Шунга кўра Х-ХI асрларда яшаб ўтган Шайх Абулҳасан Харақоний пирларнинг энг улуғи бўлганлиги тўғ­­рисида батафсил маълумот бе­рилган. Унинг улуғ даражага эриш­гани "Насойим ул-муҳаббат"да келтирилган "Ул (Шайх Абулҳасан Харақоний) тасаввуф интисобида султон ул-орифин Шайх Абу Вазид Бастомийға етар ва онинг тарбияси сулукда султон ул-орифин руҳония­ти­дин. Шайх Абулҳасаннинг валода­ти Шайх Боязид Бастомийнинг фавтидан муддати сўнградир ва Шайх Абулҳасан тўрт юз йигирма бешда (1033 мелодий), ашурода, сешанба кечаси дунёдан ўтибдур", деган маълумотдан аниқ бўлади.

Мир Саййид Баҳром, Мавлоно Ориф Деггароний, Қосим Шайх Ази­зон каби пирлар ҳақида ҳам ана шундай манбаларга таянган ҳолда илмий далилланган маълумотлар келтирилган. Пир даражасига эриш­­ган улуғ зотларга хос фазилатлар, халқ меҳр-муҳаббатига сазовор бўлишларига сабаб бўлган воқеалар қизиқарли тарзда ҳикоя қилинган. Масалан, Шайх Абулҳасан Харақоний ҳақида келтирилган маълумотларда, унинг асли Румда туғилгани, Бухо­ро­да таҳсил олиб, юртига қайтаёт­ганида Хатирчини ёв босиб, халқ кўп жабр-зулм кўргани, шунда у ғазотда қатнашиш учун Ҳазора орқали келга­ни, илми каромати туфайли душ­ман енгилиб, халққа омонлик етгани, шу сабабли халқ уни эъзозлаб, "биз­нинг Қалқон отамиз бор" дейи­ши ва асли Харқона деб аталган қиш­лоқ­нинг Қалқонота деб ўзгариб кетган­лиги айтилади. Бу маълумот­ларни би­лиш ҳар қандай китобхон учун қизи­қарли ва мароқлидир.

Шайх Нуриддиннинг авлиёлиги ҳақида ҳам Абул Муҳсин Боқир ибн Муҳаммад Алининг "Баҳоуддин Ба­ло­гардон" асарига таяниб, қизиқар­ли маълумот келтирилган. Унда айти­лишича, уламоларнинг баҳсида бир масала юзасидан тортишув юз берганда дарвешлар авлодидан бўлган Хожа Fариб лақабли Хожа Нуриддинни чорлашгани айтилади. У Баҳоуддин Нақшбанд билан би­родар тутинганини, отаси Хожа Қут­биддин анчадан буён сақлаб келаёт­ган бир юмалоқ новвотни иккига бў­либ, уларга бергани ва бир-бирла­ри­ни қучоқлашиб ака-ука киришган­лик­ла­рини ҳикоя қилиб беради. Тариқат пешвоси аталган Хожа Қут­биддин­нинг фарзанди Баҳоуддин Нақш­банд билан ака-ука тутингани ва ота­сининг унга қарата: "Эй фар­занд, ҳушёр бўлгинки, улардан улуғ ҳоллар ва сирлар зуҳурга келгай", дейиши Шайх Нуриддин (Хожа Fа­риб)нинг ҳам ўз замонасида улуғ ав­лиёлардан бўлганлигини тасдиқлайди.

Еттинчи пир Хожа Собир нисба­тан кейинроқ — XVII асрнинг бирин­чи ярмида яшаб ўтган. У ҳақда "Туҳ­фат аз-зоирин" асарида баъзи маъ­лу­мот­лар берилган. Унда "...комил­лик дара­жасига етиб, халқ хизмати­да толиб­лар­га йўл кўрсатдилар. Мубо­рак қабр­­лари Кармана жану­би­даги Жало­йир мавзесидадир. Вафотлари 1051 ҳиж­рий санада (1642 йил)" де­йилган. Яқин-яқин­ларгача бу улуғ ав­лиё ҳақи­да халқи­миз ҳеч нима бил­масди. Эътибор­сизлик туфайли қабр тошла­ри йў­қотиб юборилган, мас­жид қа­ровсиз ҳолда эди. Тарихнинг ўқилма­ган саҳи­фалари кўп заҳматлар эвазига қайта тикланиши натижа­сида шун­дай буюк аждодларимиз яшаб ўтган­ликларидан хабардор бўлдик. "Кар­мананинг етти пири" ки­то­би муал­лифлари ҳам бу йўлда яна бир савоб ишни амалга ошириб, тари­хи­миз­ни ҳаққоний ёритишга ўз ҳисса­ларини қўшишди. Етти пир ҳа­қида­ги маълу­мотлар чиндан ҳам мозий­нинг нурли саҳифалари бў­либ, бун­дан биз ҳақли равишда фахр­­ланамиз.

Абдуҳамид ХОЛМУРОДОВ,

филология фанлари доктори, профессор.

Манбаа: dustlikbayrogi.uz

Кўрилганлар сони: 2902 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus