Бугун: 17 Июл 2019 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > Музей қатағон йилларидан сўйлайди


Маълумки, яқин 150 йиллик тарихимизда халқимиз бошидан не-не оғир синовлар, қирғину машаққатли, залворли кунлар ўтди. Навоий давлат педагогика институти тузилмасида «Қатағон қурбонлари хотираси музейи»нинг ташкил этилгани ёш авлодга бугунги дориламон кунлар осонликча қўлга киритилмаганини англатиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
НДПИда халқимизнинг мушкул кунларидан сўйловчи ана шу музейнинг расмий очилиш маросими ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Қ. Турсунов, НКМК бош директори Қ. Санақулов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори ўринбосари М. Зикриллаев, институт ректори Б. Дониёров, шунингдек, ўқувчи ва талабалар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Унда қатағон йиллари элимиз бошига тушган синовли кунларнинг ортда қолгани, аммо уни бугунги авлод билиши, ҳозирги тинч, осуда дамларга шукрона билан яшаши лозимлиги ҳақида сўз юритилди. Республикамиз бўйлаб барча вилоятларда ташкил этилаётган мазкур музейлар шу жиҳатдан ҳам аҳамиятли экани таъкидланди.
Шундан сўнг НДПИ ўқитувчиси, музей директори Х. Қурбонов қатнашчиларни Чор Россиясининг Ўрта Осиёга босқини, Совет даврида қатағон сиёсати ва мустақиллик даври бўлимларидаги ҳар бир экспонат, архив ҳужжатлари мазмун-моҳияти билан яқиндан таништирди.
Айниқса, Чор Россиясининг Бухорога босқини тарихи, ўша пайтда муомалада бўлган тангалар намунаси, 1916 йилдаги Туркистон қўзғолони, миллий уйғониш ҳаракати намояндалари — Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Фитрат, Чўлпон каби маърифатпарварларнинг озодлик йўлидаги курашлари баёни, ўша даврда мардикорликка ёлланганларнинг аламли қўшиғи йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
— Музейни ташкил этишда Кармана, Навбаҳор, Қизилтепа, Хатирчи ва бошқа туманларда бўлиб, мингга яқин расм, ҳужжат, қадимий идишлар топишга муваффақ бўлдик, — дейди музей ходими Д. Соипов. — 1980 йиллардаги «пахта иши» кампанияси қатағон қурбони бўлган кишиларнинг оила аъзоларини топиб, улар билан суҳбатлашдик. Қатағон қилинганларни билиш ёшларимиз учун ибратли тарихдир.
«Пахта иши» қурбонларидан бири Мурод Ҳожиев Кармана туманидаги «Дўрман» маҳалласида туғилган эди. Хушчақчақ, самимий, кўнгли тоза бу инсон ҳамиша ҳалол яшаган. Лекин пахта пунктида ишлаган даврида, 1983 йилда унга «қўшиб ёзиш» ноҳақ айби қўйилиб, тўққиз йилга қамоққа олинди. Бу йилларни М. Ҳожиевнинг қизи Муяссар Эшмуродова кўзда ёш билан хотирлайди.
— Отам қамалган йилларида мен 7 синфда ўқирдим, — дейди у. — Амаким Нортўхта Ҳожиевнинг адолат истаб бош урмаган жойи қолмади. У киши бизнинг ягона суянадиган тоғимизга айланганди. Чунки отамга туҳмат қилинган, амаким ҳақиқат истаб қайта-қайта шикоят хати ёзганди. Ниҳоят, 1987 йилда отам озодликка чиқди. Лекин аввалги қувноқ, дилкаш инсондан асар қолмаганди. Ноҳақ айбловлар, қамоқхонадаги оғир шароит сабаб отам қандли диабет касалини орттириб қайтди. Нафақа ёшига ҳам етмай, 59 ёшида вафот этди. Отамнинг менинг тўйимни, фарзандларимни ҳам кўролмай кетгани, асоссиз жабр тортгани ҳануз юрагимни ўртайди. Шукрки, адолат қарор топди. Музейда «пахта иши» сабаб ноҳақ қамалганлар қаторида отамнинг ҳам сурати турибди. Бу мен учун қувонч. Илоҳим, юртимиздаги тинчлик абадий бўлсин.
Қувонарлиси, музейдаги ҳар бир экспонат ёшларга ҳам ўзгача таассурот улашди.
— Ўзим учун ўтмиш тарихимизга оид бундай катта маълумот олганимдан хурсандман, — дейди Ўзбекистон Республикаси ИИВ Навоий академик лисейида ўқувчиси Р. Холмўминов. — Бу мени янада яхши ўқишга, матонат билан олға интилишга ундади. Келгусида ўртоқларим билан бу музейга яна келишни ният қилдим.
Хулоса ўрнида айтганда, «Қатағон қурбонлари хотираси музейи» ёш авлоднинг тарихий билимини ошириш, аждодларимиз матонати ҳақида кенг тушунчага эга бўлишга муносиб ҳисса қўшиши билан аҳамиятлидир.

Ўз мухбиримиз.
Сурат муаллифи Сирож АСЛОНОВ.

Кўрилганлар сони: 792 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus