Бугун: 21 Сен 2019 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > НАВОИЙДА ҚУЛАЙ ИНВЕСТИЦИЯ МУҲИТИ ЯРАТИЛМОҚДА


Жорий йилнинг 16-17 май кунлари Навоий вилоятида Америка Қўшма Штатлари ҳамда Канада давлатларининг ишбилармон доиралари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари иштирокида илк бора “Навоий ҳудудини ўзингиз учун кашф қилинг – бизнесингиз учун янги горизонтлар жойи (Discover Navoi Region – place for achieving new horizons for your business)” номли Ўзбек-Америка-Канада бизнес форуми бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз Президенти жорий йилнинг 12-13 март кунларидаги вилятга ташрифи чоғида воҳанинг салоҳият ва имкониятлари, ишга солинмаган ресурслар, инвестиция ва тадбиркорлик учун қулай шарт-шароит яратиш масалаларига атрофлича тўхталиб, улардан янада самарали фойдаланиш мақсадида Навоий вилоятига эркин иқтисодий ҳудуд мақомини бериш ташаббусини илгари сурган эди.

Бу ташаббус Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 май куни қабул қилинган “Навоий вилоятини инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона сифатида белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан янада мустаҳкамланди.

Фармонга асосан “Навоий” эркин иқтисодий зона иштирокчиси мақомини олган Навоий вилоятидаги корхоналарга ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслардан олинадиган мулк солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун белгиланган ягона солиқ ҳамда божхона тўловларидан имтиёзлар берилгани вилоятда барқарор инвестицион муҳит яратилаётганидан далолат беради. 

Эндиликда вилоят ҳудудида транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш орқали йирик логистика маркази ташкил этилади.

Жорий йил 1 июндан бошлаб эса хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари — “Навоий” эркин иқтисодий зонаси қатнашчилари ва уларнинг оила аъзоларига республика ҳудудидан чиқмасдан узайтириш имконияти билан, амал қилиш муддати уч йилгача бўлган “инвестиция визаси” амалга тадбиқ этилади.

Албатта, буларнинг барчаси хорижий бизнес вакиллари учун Навоийда кенг имконият эшиклари очилганининг ёрқин ифодасидир.

Евроосиёнинг марказида жойлашган Ўзбекистон, дея аталмиш бетакрор заминнинг тўртдан бир қисмини ташкил этган Навоий вилояти тупроғида Менделеев жадвалидаги барча элементларнинг мавжудлиги, бу ҳудуднинг имкониятлари беқиёслигининг яна бир исботидир.

Яқинда вилоятда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларининг 250 га яқин ишбилармон доиралари, бизнес вакиллари иштирокида 2 кун давомида “Invest in Navoi” II халқаро бизнес форуми ўтказилиб, натижада 120 миллион долларлик 28 та шартномалар имзоланганди.

Мазкур бизнес форум ҳам бу каби эзгу тадбирларнинг узвий давоми бўлиб, Америка ва Канада давлатлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.

Форумда Америка Қўшма штатларининг Миссисипи штати губернатори Филипп Брайант ҳамда 100 нафарга яқин хорижий ишбилармон доира вакиллари иштирок этиб, вилоятнинг иқтисодий салоҳияти, ҳудудда яратилган инвестицион муҳит билан яқиндан танишдилар.

Хусусан, НКМКнинг Навоий машинасозлик заводи, Навоий Халқаро юк терминали, Работи Малик меъморий мажмуаси ҳамда “Навоий” ЭИЗдаги “Green Line profile” ва “HPC sistems” МЧЖларида бўлишиб, табиий ва интеллектуал имкониятларни гувоҳи бўлдилар.

Халқаро бизнес форумнинг расмий очилиш маросими Навоий эркин иқтисодий зонасида бўлиб ўтди.

Уни Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов кириш сўзи билан очиб, форум ишига муваффақиятлар тилади.

Бизнес форумда АҚШнинг Миссисипи штати губернатори Филипп Брайант сўзга чиқиб, штатнинг имконият ва салоҳияти, устувор тармоқлар, географик қулайликларига атрофлича тўхталди. Мазкур анжуманга қишлоқ хўжалиги, молия, мудофаа саноати, қурилиш соҳасида фаолият юритувчи компанияларнинг 20 га яқин мутахассис ходимлари ҳамда Миссисипи штати, Алькорн, Миссисипи университетлари, Шимолий-Ғарбий жамоат коллежи каби бир қатор ўқув муассасаларининг ўқитувчи олимлари келганлиги ҳамкорлик самарасини таъминлашини таъкидлади.

— Канададан ташриф буюрган 40 нафардан ортиқ ишбилармон ва бизнес вакиллари билан икки кун мобайнида вилоят имконияти ва салоҳияти билан яқиндан танишдик. Бу ҳамкорлик Канада учун ҳам кўпроқ самарали бўлади, албатта. Навоий вилоятида яратилган инвестиция муҳити канадалик бизнес вакилларида катта қизиқиш уйғотди, — дейди  Канаданинг Ўзбекистондаги ишончли вакили Анни Гуле.

Форум доирасида иштирокчилар секцияларга бўлинган ҳолда ўзаро музокара олиб бордилар.

Секция йиғилишларида Навоий вилояти қазилма бойликларидан самарали фойдаланиш, замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва тарнспорт соҳасини ривожлантириш истиқболлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, транспорт логистикасини ривожлантириш йўналишлари бўйича маърузалар тингланди.

 Маҳаллий ҳокимият вакиллари, корхона, ташкилот ҳамда тадбиркорлар билан хорижий ҳамкорлар ўртасида олиб борилган музокараларда истиқболли келишувларга эришилди. 

Хусусан, форум доирасида Клинтон шаҳри билан Зарафшон шаҳарлари ўртасида биродар шаҳарлар тўғрисидаги келишув имзоланди.

Шунингдек, Навоий давлат педагогика институти ҳамда Алкорн Университети ўртасида академик ҳамкорликни ўрнатиш бўйича Англашув Меморандуми имзоланди.

Бундан ташқари, Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда Американинг “Advanced Bio-Oil Technologies” ишончли вакили “ABOT-Genetik” директори Павел Мачхелян иштирокида вилоятда биоёқилғи ишлаб чиқариш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўстириш ва қайта ишлаш кластерини ташкил қилиш бўйича умумий қиймати 24 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш юзасидан Меморандум тузилди.

 — Навоий вилоятида моноблокларни ишлаб чиқариш ва замонавий дизайнлар асосида арзон уй-жойлар қуриш бўйича умумий қиймати 100 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш юзасидан вилоят ҳокимлиги билан келишув имзоладик, —  дейди Американинг “Калатрава” компаниясининг Ўрта Осиё мамлакатлари бўйича директори Иброҳим Мусаев. — Келгусида вилоятда олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшиш ва мазкур тармоққа инновация олиб киришни режалаштирганмиз.

Бизнес форумда Республика Бош вазири ўринбосари Э. Ғаниев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев иштирок этди ва сўзга чиқди.

 

Навоий вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.

 

 

 

Кўрилганлар сони: 573 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus